1 апрель – Халқаро қушлар куни
1 апрель дунёнинг кўплаб мамлакатларида экотизимларнинг муҳим иштирокчилари бўлган қушларнинг турлари хилма-хиллиги ва сонини сақлаб қолиш мақсадида Халқаро қушлар куни сифатида нишонланади. У энг ёши улуғ экологик саналардан ҳисобланиб, жорий йилда 122 марта нишонланмоқда.
Қушларни муҳофаза қилишни мақсад қилган кунни нишонлаш дастлаб 1894 йилда АҚШда пайдо бўлган, кейин Европага кириб келган ва ҳозирда бу йўналишдаги тадбирлар кўплаб мамлакатларда ЮНЕСКОнинг “Инсон ва биосфера” биологик дастури доирасида ўтказилади.
Маълумотларга кўра, ҳозирда қушларни муҳофаза қилиш масаласи долзарб экологик муаммолардан бирига айланиб улгурган. Дунёда 10 мингга яқин қуш туридан 1 минг 200 дан ортиғи ёки қушларнинг ҳар саккизинчи тури Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг “Қизил рўйхати”га киритилган.
Қушларнинг табиатдаги эстетик аҳамияти катта. Шунингдек, орнитологлар аҳолини, агар ерда қушлар йўқ бўлиб кетса, экологик фалокат юз бериши борасида огоҳлантирган. Чунки қушлар экотизимда муҳим рол ўйнайди, улар чанглатиш ва ҳашаротлар популяциясини назорат қилишда ёрдам беради.
Афсуски, бугун шаҳарсозлик жараёнининг жадаллашиши натижасида миллионлаб дарахтлар кесиб ташланмоқда. Оқибатда қушлар макон қурадиган “маскан”лар сони камайиб, уларнинг йўқолиб кетиш хавфи ортмоқда.
– Ўзбекистон орнитофаунасида қушларнинг 19 туркумга оид 440 дан ортиқ тури маълум, шундан 51 турдаги қуш республика Қизил китобига киритилган дейди Экология, атроф –муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Биохилмахиллик сиёсатини юритиш бўлими бошлиғи Абдурашид Содиқов.– Қушларнинг табиат ва инсон ҳаётидаги аҳамияти хилма-хил бўлиб, ўсимликларни чанглантириш, уларнинг уруғларини тарқатиш, зараркунанда ҳашаротлар ва кемирувчиларни қиришдан иборат. Қушларнинг табиат ва инсон ҳаётидаги аҳамияти хилма-хил. Аммо шундай қушлар тури борки, боғлар ва донли экинларга зиён етказади, юқумли касалликлар тарқатади.
Яшаш жойига биноан қушларни бир неча йирик ўрмон қушлари, чўл ва дашт қушлари, сув ҳавзалари (сувда сузувчи) қушлари, ботқоқ ва соҳил қушларига, улар ҳаётининг йил фасллари бўйича ўзгаришига биноан учиб кетувчи, кўчиб юрувчи ва ўтроқ қушлар каби экологик гуруҳларга бўлиш мумкин, Қушларнинг уя қуриш жойи ва уя қуриш усули хилма-хил. Қушлар овланади, бир қанча турлари хонакилаштирилган.
Афсуски, қушларнинг тури, сони тобора камайиб бормоқда. 17 аср бошларидан буён 100 га яқин қуш турлари қирилиб кетган, бир қанча турлари йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди.
Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, қушларни муҳофаза қилишга оид ҳаракатлар анча узоқ йиллар илгари бошланган.
Қадимги Ҳиндистонда милоддан 200 йил аввал қушлар муҳофазаси тўғрисида қонун мавжуд бўлган. Ҳозирги ҳамма мамлакатларда қушлар муҳофазаси бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Ноёб ва қирилиб кетиш хавфи остидаги турларни сақлаб қолиш мақсадида халқаро мамлакатлар ва регионал Қизил китоблар яратилган. Халқаро конвенция, битим, меморандумлар тузилган. Махсус фондлар ташкил этилган. 1885 йил биринчи бўлиб Қушларни муҳофаза қилиш Одюбонов жамияти тузилган.
1872 йил “Yellouston” миллий боғи (Америка Қўшма Штаталари), 1910 йил Швейцарияда табиатни муҳофаза қилиш жамияти иш бошлаган. 1913 йил табиатни муҳофаза қилиш бўйича биринчи халқаро анжуман ўтказилган. ХХ асрнинг II ярмидан бошлаб қушларнинг яшаш жойларини сақлаб қолишга эътибор кучайтирилди. Муҳофаза қилиш ҳудудлари (миллий боғлар, қўриқхоналар) ташкил этила бошланди. 1971 йил сув ва ботқоқлик ҳудудлари муҳофазаси бўйича халқаро конвенция ишлаб чиқилган.
Мамлакатимизда ҳам йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларини асраш бўйича тегишли қонунлар қабул қилинган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан “Қишда қушларга кўмак” акцияси ўтказиб келинади. Мазкур чора-тадбирларнинг барчаси қушларни асраш, уларнинг биохилма-хиллигини сақлаб қолишга қаратилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
- Қўшилди: 01.04.2024
- Кўришлар: 2228
- Чоп этиш