Жорий йилнинг 16 январь куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда сенаторлар томонидан дастлаб “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мазкур Қонун мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ушбу соҳани тизимли равишда назорат қилишда муҳим аҳамиятга эга. Қонунда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги асосий тушунчаларнинг, шу жумладан, “озиқ-овқат хавфсизлиги”, “давлат захираси”, “ижтимоий аҳамиятга эга асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари”, “озиқ-овқат баланси”, “озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги” тушунчаларининг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда.
Бундан ташқари, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасини тартибга солиш механизмлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги асосий тамойиллар, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг йўналишлари аниқ қилиб белгиланмоқда.
Иштирокчилар томонидан Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни ҳар томонлама ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шундан сўнг болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатининг ҳолатини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар соғлиғини сақлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳанинг моддий-техник таъминоти яхшиланиб, болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалари замонавий технологиялар билан таъминланмоқда.
Шунга қарамасдан, соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, муаммо ва камчиликлар мавжудлиги сенаторлар томонидан қайд этилди.
Биргина охирги вақтларда болалар орасида касалликларнинг ўсиши, турли хил касалликлар туфайли болалар ўлими ҳамон сақланиб қолмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда Қўмита ҳузурида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилди ҳамда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатининг ҳолатини ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш режалаштирилди.
Мажлисда ушбу масалани ўрганиш давомида ишчи гуруҳ аъзоларига амалдаги қонунлар, Президент томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг ижросига эътибор қаратиши ва ўрганилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан таҳлилий маълумотлар тайёрлаши зарурлиги бўйича тавсиялар берилди.
Мажлис якунида Қўмитанинг муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 16.01.2025
- Кўришлар: 376
- Чоп этиш