Муносабат
Мамлакатимизда экологик вазиятни тубдан яхшилаш, инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш, 14 та экологик тоза ҳудуд режимини жорий қилиш белгиланган.
Шунингдек, шаҳарлар бош режаларини тузишда улар ҳудудининг камида 30 фоизини яшил майдонлар ташкил этиши белгиланган. Турар жой биноларини қуришда яшил майдонлар аҳолининг сонига мутаносиб бўлишини таъминлаш ҳамда атроф-муҳитни кузатиш, унинг ифлосланиш даражасини прогноз қилиш тизимини ривожлантириш назарда тутилган.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилган бўлишига қарамасдан сўнгги бир ой ичида Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиш кўрсаткичлари ортиб кетганлиги билан боғлиқ ҳолатлар кузатилган. Бу кенг жамоатчилик томонидан кескин танқид қилиниб, фаоллар томонидан ҳолатни яхшилаш юзасидан қатор таклифлар илгари суриб келинаётган эди.
Жумладан, IQAir портали маълумотларига кўра, 2024 йил 3 январь оқшомида пойтахт ҳавоси таркибидаги PM 2,5 концентрацияси миқдори 173 микрограммга етган. Натижада ҳавонинг ифлосланиш даражаси ЖССТ белгилаган меъёрдан 35 баробарга ортиб, Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиши рейтингида дунё шаҳарлари орасида иккинчи ўринга кўтарилди. Ушбу салбий ҳолат вақти-вақти билан такрорланишда давом этаётганлиги кишини ташвишга солмоқда.
Таҳлилларга кўра, ҳаводаги PM 2,5 концентрацияси миқдорининг ошиб кетиши аҳоли орасида саратон касаллиги хавфи 22, овқат ҳазм қилиш тизими саратони 42, кўкрак бези саратони 80, ўпка саратони эса 36 фоизга ошишига, аҳоли орасида аллергик касалликлар кўрсаткичи ортишига олиб келиши мумкин.
Куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида экология соҳасидаги долзарб масалалар чуқур таҳлил қилинганлиги ва кечиктириб бўлмас вазифалар белгилаб берилганлиги кишилар кўнглидаги хавотирларни аритишга хизмат қилди десак муболаға бўлмайди.
Хусусан, бугунги кунда саноат корхоналари ва автомобиллар атмосферага йилига 2 миллион тоннадан зиёд ифлослантирувчи моддалар чиқармоқда. Айниқса, пойтахтда, Олмалиқ, Нурафшон, Оҳангарон, Ангрен, Бекобод ва Қувасой шаҳарларида ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар миқдори бошқа ҳудудларга нисбатан анча кўп.
Яна бир ачинарли ҳолат саноат корхоналарининг атроф-муҳитга бўлган таъсирини камайтиришга қаратилган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, масъуллар томонидан тегишли кўрсатмалар берилган бўлсада, ҳудудлардаги айрим корхоналарда ҳалигача 10 йилдан ортиқ ишлатилаётган чанг-газ тозалаш ускуналари мавжудлигидир.
Бугунги кунда атроф-муҳит ҳавоси ифлосланишидаги асосий омиллардан яна бири бу аксарият ҳолларда қурилиш объектлари ва лойиҳаларининг экологик экспертизадан ўтказилмасдан амалга оширилаётганлигидир. Эндиликда, 1 апрелдан бошлаб ҳар бир ҳудуднинг ҳаво, сув ва атроф-муҳит ифлосланиши даражасига қараб тузиладиган рейтинги жорий қилинади. Жойларда экологик вазиятни яхшилаш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарнинг “мастер-режа”си ишлаб чиқилиб, йил якунида ҳудуд ва тармоқларнинг экологик рейтинги ва экологик паспорти эълон қилиб борилади.
Шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказлари ҳамда саноатлашган 20 та туманда автоматик ҳаво мониторинги станциялари ўрнатилади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ушбу талабнинг ҳаётимизга татбиқ этилиши, экологик ҳолатни яхшилаш билан биргаликда, Бош қомусимизнинг 49-моддасида белгиланганидек, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлайди.
Қолаверса, давлатнинг фуқаролар экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мажбуриятининг ҳам бажарилишига олиб келади.
Шунингдек, сўнгги йилларда республикада экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга ошириб келинаётганлиги ҳам ўзининг ижобий натижасини бера бошлади. Бунинг натижасини, айниқса, чўл ҳудудлар мисолида кўриш мумкин.
Эндиликда, йирик қурилиш материаллари, энергетика, металлургия корхоналари томонидан 5 гектардан “яшил белбоғ” яратилиб, жами 10 миллион туп дарахт экилади. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вилоят ҳокимлари билан бирга “ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 та кўчат экиш” тизимини жорий қилади. Оҳангарондаги 23 гектар ва Янгийўлдаги 37 гектарда жойлашган собиқ чиқинди полигонлари ҳудудида эса “яшил боғлар” ташкил қилинади.
Келгуси беш йил давомида Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилояти туманларини тўлиқ яшиллик билан қоплашни назарда тутувчи камида 3 минг гектар “яшил белбоғ” ва 200 гектар “яшил боғлар” ташкил қилинади. Пойтахт кўчаларида атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичига таъсирини ўрганиб бориб, доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатилади. Шунингдек, пойтахт кўчаларида транспорт воситалари ва тирбандликларнинг экологияга бўлган таъсирини камайтириш чоралари ҳам кўриб борилади.
Умуман олганда, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси барчамиз учун ҳаёт-мамот, эртанги кунимиз ва келажагимизни белгилаб берувчи муҳим омиллардан биридир. Албатта, ушбу муаммога давлат раҳбари бошчилигида алоҳида эътибор қаратилиши, жамоатчилик фикридан келиб чиққан ҳолда вазифаларнинг белгилаб олиниши, ўйлаймизки қисқа фурсатларда ўзининг ижобий натижасини кўрсатади.
Махфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА
- Қўшилди: 31.01.2024
- Кўришлар: 2839
- Чоп этиш