«АҚШ, Россия ва Европа картели керак», «Украинага дўстлик ва яхши қўшничилик белгиси сифатида хавфсизлик кафолатлари берилади». 30 йил олдин Борис Елцин, Билл Клинтон ва Леонид Кравчук шулар ҳақида гаплашганди.
Жорж Вашингтон университети қошидаги Миллий хавфсизлик архиви АҚШ президенти Билл Клинтоннинг Россияга илк ташрифи ҳақида 11 та ҳужжатни эълон қилди. Ўша Россия – АҚШ саммити 1994 йил 12 январдан 15 январгача ўтказилганди. Эълон қилинган ҳужжатлар ичида Елцин ва Клинтоннинг яккама-якка учрашуви ҳақидагиси ҳам бор.
Клинтоннинг Россияга ташрифи доирасида Москва, Вашингтон ва Киев совет ядро қуроли Украина ҳудудидан олиб чиқилгани ҳақида келишувга эришилганини эълон қилганди. 30 йил ўтиб эса Клинтон Украина ядро қуролисиз қолишига сабабчилардан бўлиб қолгани учун афсусланишини айтади.
Миллий хавфсизлик архиви эълон қилган илк ҳужжат Клинтоннинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Энтони Лейкнинг 1993 йил декабрида – АҚШ президентининг Москвага ташрифидан икки ҳафта олдин тайёрлаган меморандуми бўлганди. Унда Лейк Клинтонга юзланган ҳолда АҚШ ва Россия президентлари охирги ойларда пайдо бўлган янги чақирувларни ҳал қилиши кераклигини айтган.
«Елцин сизнинг энг муҳим хорижий ҳамкорингиз дейиш мумкин. Россиядаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ташқи сиёсатдаги энг муҳим вазифангиз бўлиши керак. Бу борада президентлик даврингизнинг биринчи йилида яхшигина ўсиш сезилди. Бу сизнинг Елцин билан Токио ва Ванкувердаги учрашувларингиздан фарқ қилиб, Россиядаги демократик эксперимент учун бурилиш нуқтаси бўлади», деб ёзган маслаҳатчи Лейк.
У Клинтон 1993 йилдаги инқироз вақтида Елцинга катта сиёсий қўллов тақдим этганини айтган. Шунингдек, ҳужжатда ОАВ Россия қўшни давлатларга нисбатан агрессив сиёсат олиб бораётган бир вақтда Вашингтонни Елцинга жуда ишониб юбораётганликда айблаётгани ҳақида ҳам айтилган. Бунга мисол сифатида Россиядаги парламент сайловларида ЛДПР ва Коммунистик партия ғолиб бўлгани келтирилган.
Лейк учрашувнинг асосий мавзуларидан бири Елцинни «Тинчлик учун ҳамкорлик» дастурига кўндиришдан иборат бўлишини айтган. Бу НАТОнинг алянсга аъзо бўлмаган давлатлар билан икки томонлама ҳамкорлик қилиш дастуридир.
«Сиз Брюсселда ўтказадиган НАТОнинг «Тинчлик учун ҳамкорлик» дастурида қатнашиш таклифингизга Елцин «ҳа» дейиши устида ишлаяпмиз. Елцин бу Россиянинг Ғарб билан интеграциялашиши учун муҳим эканини тушуниши керак. Шунингдек, у Россия АҚШ ва бошқа давлатлар билан яхши муносабатда бўлиши учун халқаро нормаларга амал қилиши кераклигини ҳам тушуниши керак», дейилади меморандумда.
Клинтоннинг маслаҳатчисига кўра, саммитнинг асосий масаласи хавфсизлик бўлади. Маслаҳатчи гап Москва ва Киев билан Украинадаги барча стратегик ядро қуролини утилизация қилиш бўйича келишув устида ишлаётгани ҳақида кетаётганини айтиб аниқлик киритган.
«Бу музокаралар муваффақиятли ўтказилиши саммитнинг гултожига айланар, сизнинг [ядро қуроли] тарқалмаслиги бўйича ташқи сиёсатдаги ғалабангиз бўларди. Яна бу Россия ўзининг муҳим қўшниси билан ҳамкорликка тайёрлиги борасида жиддий сигнал ҳам бўларди», деб ёзган маслаҳатчи.
Кремлдаги ва Ново-Огарёводаги учрашувларда нималар бўлган?
Елцин Клинтон билан Кремлдаги учрашувни 13 январ куни Россия ички сиёсатидаги вазият ҳақидаги гап билан бошлайди. У Федерация кенгашида демократик кучлар 80 фоизни ташкил этиши, бу оптимизм учун асос бўлиши, Думадаги вазият эса «унчалик яхши эмаслиги»ни айтади. У ерда ҳеч кимнинг устунлиги йўқлиги, шу сабаб фракцион тўқнашувлар кўп бўлишини таъкидлайди. Шунингдек, Елцин Ғарбнинг Жириновский партияси ғалабаси борасидаги хавотирлари ўринсизлигини айтган. Унга кўра, Жириновскийнинг партияси амалга ошириб бўлмайдиган популистик чиқишлар орқали устунликка эришган.
Бунга жавобан Клинтон ўз тажрибасидан келиб чиқиб Елцинга мухолифат билан учрашишни таклиф қилган. АҚШ президенти буни «ишининг энг ёқимсиз жараёнларидан бири экани» деб атаган.
Яна бир эълон қилинган ҳужжат Москвадаги АҚШ элчихонасининг Ново-Огарёвода ўтган президентлар тушлиги ҳақидаги хабари бўлган. Унда айтилишича, Елцин тушлик вақтида Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар дунёдаги хавфсизлик тизими асосида бўлиши кераклигини таъкидлаган.
«Россия НАТОга кирган биринчи давлат бўлиши керак. Кейин Марказий ва Шарқий Европанинг бошқа давлатлари ҳам унга қўшилиши мумкин. Халқаро хавфсизликни кучайтириш йўлида бирга ишлайдиган АҚШ, Россия ва европаликлардан иборат ўзига хос картел бўлиши лозим», деган Елцин. Россия собиқ президенти ўша вақтда НАТОга киришга тайёр эмаслиги, бу борада бошқа давлатлар нима дейиши, масалан, Хитой қандай фикрда бўлиши билан қизиқиши кераклигини қўшимча қилган.
Ҳужжатга кўра, Клинтон Елциннинг Россия НАТОга кириши ҳақида фикрига муносабат билдирмаган. У шунчаки «Европа тинчликда яшай олиши», барча давлатлар эса «бир кишига ҳужум ҳаммага ҳужум деб қабул қилинадиган даврни яқинлаштириш устида ишлаётгани» ҳақида гапирган.
Украина президенти билан учрашувда нималар бўлган?
Миллий хавфсизлик архиви эълон қилган ҳужжатлар ичида Клинтон, Елцин ва Украина президенти Леонид Кравчук ўртасидаги учрашув ҳақида қисқача матн ҳам бор. Унда уч давлат етакчиси саммитнинг асосий ютуғи деб атаган советлар ядро қуролининг Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши бўйича келишув ҳақида ҳам сўз борган.
«Россия ва АҚШ Украинага дўстлик ва яхши қўшничилик белгиси сифатида тўлиқ хавфсизлик кафолати тақдим этади», деган ўша учрашувда Елцин.
Кравчук эса «қуролсизлантиришнинг муқобили йўқлиги», Украина келишувга жиддий амал қилишини айтган.
Клинтон президентларга «донолик ва узоқни кўра олгани» учун миннатдорчилик билдирган. «Келишув дунёни хавфсизроқ қилишига ишончим комил. Менга айниқса Украина ва Россия муносабатлари яхшиланаётганини кўриш ёқимли бўлмоқда. Ҳар икки давлат етакчиси қўшниси барқарор ва кучли бўлишидан манфаатдор эканини айтаётгани ёқимли», деган АҚШ президенти.
Клинтон ва Елциннинг охирги учрашувида нима бўлганди?
1994 йил 15 январ куни АҚШ президентининг Россияга ташрифи доирасида Клинтон ва Елцин ўртасида охирги учрашув ўтказилади. Бу учрашув олдиндан режалаштирилмаганди, аммо уни ўтказишни Клинтон сўраган. Чунки у Елцин Егор Гайдар каби баъзи ислоҳотчиларни ишдан бўшатишни режалаштираётгани ҳақида билиб қолган. Клинтон ташрифини якунлаганидан 5 кун ўтиб, 1994 йил 20 январ куни Егор Гайдар ҳукумат раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод қилинади.
Клинтоннинг сўзларига кўра, У Москвага ташрифи олдидан «Катта еттилик» давлатлари билан Халқаро валюта фонди Россияга 1,5 миллиард доллар ажратиши, бошқа турдаги ёрдамларни ажратиш ҳам осонлаштирилган тартибда амалга оширилиши масаласини муҳокама қилган. «Катта еттилик» давлатлари бунга рози бўлган, лекин фақат Клинтон Россиядаги ислоҳотларни давом эттиришни сўраши шарти билан.
Клинтон Москва кўчаларида россияликлар билан гаплашиб, президент Елцин қандай кучли сиёсий босимга қарши туришига тўғри келаётганини тушунганини билдирган. Клинтон Россия ислоҳотлардан воз кечиш борасида сигнал бериши керак эмаслигини айтган. Клинтон президент Елциннинг ишига аралашмаслиги, лекин у оғир қарор қабул қилишдан аввал ўйлаб олиши кераклигини таъкидлаган.
Kun.uz
- Қўшилди: 31.01.2024
- Кўришлар: 2115
- Чоп этиш