Юртимизда мактабга сабабсиз келмаган фарзандларнинг ота-оналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига биноан жарима жазоси қўлланилиши белгиланган.
Маълумотларга кўра, судлар томонидан жорий йилнинг январь ойи мобайнида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) 2- ва 4-қисмлари билан 52 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг барчасига жарима жазоси қўлланилган. Ота-оналарга бундай жазо қўлланилиши ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб туради.
Таълим тизими ривожланган мамлакатлар тажрибасига таяниб, бу каби жазо турларини хорижий давлатлар билан таққослаш мақсадида юридик фанлар доктори, профессор Мирғолиб НУРМАТОВнинг фикрларига қизиқдик.
– Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасида болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик ҳолатлари юзасидан чоралар белгиланган, – дейди М.Нурматов.–Хусусан, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш эса базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шу ўринда солиштирадиган бўлсак, болаларнинг мактабга бормаганлиги ёки юборилмаганлиги ҳолатлари бўйича хорижий давлатларда ҳам ота-оналарга нисбатан турлича жазо чоралари қўлланилади.
Масалан, Ирландияда 2000 йилда қабул қилинган "Таълим (фаровонлик) тўғрисида"ги қонунга биноан агар фарзанд мактабга бормайдиган бўлса, (касаллиги ва бошқа сабаблар) ота-оналар бу ҳақида мактаб маъмуриятига хабар бериши (имкон қадар ёзма тарзда) лозимлиги белгиланган. Ушбу қонунга кўра ота-оналар ёки қонуний вакиллар ўз фарзандининг мактабга боришини ва таълим олишини таъминлаши учун қонуний мажбуриятларга эга. Фарзандлари мактабга бормайдиган бўлса, ота-оналарга аввало огоҳлантириш юборилади. Унда фарзандлари мактабга келмаётганлиги ва бу ҳолат яна давом этадиган бўлса, қонуний чоралар кўрилиши кўрсатиб ўтилади.
Агар ота-оналар огоҳлантиришга риоя қилмаса, уларга нисбатан жазо чоралари, жумладан, жарима жазоси ёки бир ойгача қамоқ (маъмурий) жазоси қўлланилиши мумкин. Жарима миқдори фарзанди мактабга келмаган ҳар бир кун учун ошириб борилади.
Буюк Британияда 1996 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисидаги” қонунга биноан агар болалар сабабсиз мактабга келмаган бўлса, ота-она ҳуқуқбузарликда айбдор, деб топилади ва дарсга мунтазам қатнашмаслик ҳолати бўйича жаримага (минг фунт стерлинг) тортилади.
Бундан ташқари, ота-оналар томонидан бу каби ҳуқуқбузарлик яна қайта содир қилинса, 2500 фунт стерлинггача жарима ёки 3 ойгача қамоқ жазоси қўлланилиши белгиланган.
Канадада ҳам фарзандлари мактабга бормаган ота-оналарга нисбатан жарима жазоси мавжуд. Хусусан, жазо тариқасида ота-оналар мажбурий тарбиялаш курслари ва оилавий маслаҳат курсларига жалб қилинишлари мумкин.
Таълим тизими билан дунёга ўрнак бўлаётган Сингапур давлатида эса ота-оналар ўз фарзандларининг мактабга боришига эътиборсизлик қиладиган бўлса, улар фарзандлари билан биргаликда Мажбурий таълим кенгашига чақиртирилади. Бундан кейин ҳам салбий ҳолат давом этса, уларга нисбатан қонуний тартибда жарима жазоси қўлланилади.
Ривожланган давлатлардан бири – Германияда фарзандлари мактабга келмаган ота-оналар огоҳлантирилади. Агар ушбу ҳолат яна давом этса, уларга нисбатан жарима жазоси (1250 еврогача) қўлланилади.
Бундан ташқари, ота-она фарзандини мактабга юборишдан бош тортса ёки боласини назорат қила олмаса, маҳаллий болалар хизматлари ёки ижтимоий хизмат ходимлари полициядан уларни мактабга кузатиб боришларини талаб қилиши ёки оғир оқибатларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш (қисман ёки тўлиқ) учун судга мурожаат қилишлари мумкин.
Бундан ташқари, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга нисбатан ҳам дарс қолдирганликлари учун қамоқ тарзидаги жазо чораси қўлланилиши мумкин.
Қўшни Қозоғистонда фарзандлари мактабга бормаганлиги учун айбдор бўлган ота-оналарга нисбатан Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси (Вояга етмаган шахсни тарбиялаш ва (ёки) ўқитиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларни бажармаслик)га биноан ҳамда 409-моддаси (Қозоғистон Республикасининг таълим, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги қонунчилигини бузиш)га асосан жарима ёки маъмурий қамоқ (10 суткагача) жазоси қўлланилади.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.
- Қўшилди: 20.02.2024
- Кўришлар: 2234
- Чоп этиш