Самарқандда Осиё хотин-қизлари форуми ўтказилади

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида 2024 йилда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг бой салоҳиятидан фойдаланиш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улар ўз имкониятларини рўёбга чиқаришида тажриба алмашиш мақсадида Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф қилган эди.

Ушбу умумий ташаббус сифатидаги таклифнинг амалий натижаси ўлароқ, 2024 йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусида биринчи Осиё хотин-қизлари форуми ўтказилади.

Форумдан кўзланган асосий мақсад - минтақада хотин-қизларнинг имконият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш, уларнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш, ҳозирги замонда давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг ролини мустаҳкамлаш масалаларида тажриба алмашиш учун ўзига хос мулоқот майдонини яратишдан иборат.

Форумда Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари аъзолари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, аёллар ишбилармон доиралари вакиллари, сиёсатшунослар, ижтимоий фаоллар, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳалар вакиллари иштирок этадилар.

Форумда 10 та параллел сессия доирасида қуйидагилар муҳокама қилинади:

Пекин платформаси +30: ҳозирги глобал иқтисодиётда хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш истиқболлари ва бу борадаги таҳдидлар;

        Хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришни жадаллаштириш Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг калити;

       Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш: уларнинг бизнес ва жамиятдаги иштирокини рағбатлантиришда парламентнинг роли;

Хотин-қизларнинг сифатли таълим, илм-фан, рақамли технологиялардан фойдаланишини таъминлаш ва инновацион фаолиятдаги иштирокини кенгайтиришда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

Гендер тенгликни молиялаштириш: аёллар ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш камбағалликни қисқартириш ҳамда минтақа иқтисодиётини ривожланишнинг муҳим омили сифатида;

Гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш ва молиявий имкониятлардан фойдаланишда гендер тафовутни бартараф этиш;

        Осиё қитъасидаги ҳозирги демографик вазият ва унинг инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлашга таъсири;

        Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш, одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга барҳам беришнинг минтақавий жиҳатлари;

Экологияни ҳимоя қилиш асраш, “яшил” иқтисодиётни тарғиб қилиш ҳамда иқлим ўзгаришининг минтақадаги гендер муаммоларга таъсири;

Минтақадаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги илғор тажрибалари, амалиёти ва инновацион ёндашувлари.

Форумда иштирок этиш учун халқаро ва маҳаллий экспертлар, журналистлар ҳамда бошқа манфаатдор томонлар таклиф этилади.

          Форумнинг асосий ташкилотчилари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги. Форумнинг халқаро ҳамкори – “БМТ-аёллар” тузилмаси.

 

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech