Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлиғини сақлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Гендер тенглик масаласига устувор аҳамият қаратилаётир.
Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 35 фоизга кўтарилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг 25 фоизи аёллардан иборат. Ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган аёллар сони 205 мингдан ошди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Осиё хотин-қизлари форуми юртимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътиборнинг намунаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Осиёнинг етакчи аёл раҳбарлари, 30дан ортиқ хорижий давлатдан нуфузли меҳмонлар, 40 нафардан ортиқ хорижий давлатнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда хорижий ташкилотлар вакиллари, ишбилармон, олима, сиёсатшунос аёллар иштирокидаги мазкур форум хотин-қизларни янада қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Анжуманда иштирок этаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Турсуной Муратова форум ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Бугунги кунда опа-сингилларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон хотин-қизларни камситиш ва таъқиб қилишнинг барча шаклларидан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя этишни назарда тутувчи халқаро шартномаларга қўшилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш белгилаб қўйилди. Хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ўзбек аёлининг ҳам оила, ҳам жамиятдаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилаётир.
Самарқанд шаҳри мезбонлигида ўтказилаётган Осиё хотин-қизлари форуми Президентимиз ташаббусининг амалдаги рўёби бўлиб, минтақа мамлакатлари етакчи аёлларининг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтиришда ўзаро тажриба алмашиш, муҳим мавзуларда фикрлашиш имкониятини тақдим этгани билан ниҳоятда аҳамиятли бўлди.
Ушбу нуфузли анжуманнинг биринчи кунида хотин-қизларнинг фан, таълим ва инновацион фаолиятдаги иштирокини таъминлаш, рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ҳозирги глобал иқтисодиётда уларнинг имкониятларини кенгайтириш орқали камбағалликни қисқартириш, гендер тенглик, аёллар ва болаларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш, жамиятда уларнинг иштирокини рағбатлантиришга оид бир қатор масалалар кенг муҳокама қилинди.
Эътиборлиси, олима ва сиёсатшунос аёллар томонидан хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлаш, бу борадаги тўсиқларга барҳам беришга қаратилган аниқ таклиф ва тавсиялар илгари сурилди. Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизлар иштироки масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ишончим комилки, Самарқанд форумида билдирилаётган фикр-мулоҳаза ва тавсиялар қитъамиз хотин-қизлари учун ҳар томонлама фойдали ва манфаатли бўлади.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова
тайёрлади.
- Қўшилди: 14.05.2024
- Кўришлар: 1633
- Чоп этиш