Президент Шавкат Мирзиёев 16 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этди, маданият ва санъат соҳасидаги янги маскан ва лойиҳалар билан танишди.
Давлатимиз раҳбари миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда санъат мухлисларини қизғин табриклади.
– Бугун юртимизда катта шодиёна – санъат ва маданият байрами. Азим Тошкент шаҳрининг қоқ марказида халқимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасига бағишлаб муаззам ҳайкал очилмоқда. Мана шу қувончли воқеа муносабати билан сиз, азизларни, раҳматли Ботир Зокировнинг яқинлари, шогирд ва мухлисларини, бутун халқимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман, – деди Президент.
Ботир Зокиров 1936 йилда санъаткорлар оиласида туғилиб, вояга етган. 29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ва 2021 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган.
Давлатимиз раҳбари хонанданинг беназир истеъдод ва инсоний фазилатларини эътироф этди.
Ботир Зокиров жуда қисқа – 49 йил умр кўрган. Лекин шу йиллар давомида ўзидан ранг-баранг ва бой ижодий мерос қолдирган. Унинг сеҳрли овози юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб бориб, халқимиз қалбидан, санъатимизнинг олтин фондидан жой олган. Дунёнинг маданият пойтахтларида ўзбек санъатини зўр муваффақият билан намойиш этган.
Хонанда 1955 йилда, айни кучга тўлган пайтида оғир дардга йўлиқади. Бир неча марта жарроҳлик амалиётларини бошидан ўтказади. Шифокорлар унга қўшиқ айтишни тақиқлаб қўяди. Лекин шу аҳволда ҳам ижоддан, куйлашдан тўхтамайди.
Ботир Зокиров умр бўйи янгиликка интилиб яшарди. Шарқ фольклори ва замонавий эстрада санъатини уйғунлаштириб, “Мюзик холл” ижодий жамоасини ташкил этган, хонанда ва композитор сифатида кўплаб истеъдодли ёшларга устозлик қилган. Республикамизда хизмат кўрсатган “Ялла” ансамблининг ташкил топишида Ботир Зокировнинг хизматлари беқиёсдир.
Буюк санъаткорнинг сўнмас хотирасини эъзозлаш, ижодий меросини ўрганиш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Хусусан, Президент қарори қабул қилиниб, 2021 йилда Ботир Зокировнинг 85 йиллик таваллуд айёми кенг нишонланди. Улуғ ҳофиз номидаги миллий мукофот таъсис этилди. У ҳақда илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли фильм ва спектакллар яратилди. Яқинда Ботир Зокировнинг хотира кечаси мамлакатимиз жамоатчилиги ҳамда хорижий давлатлардан ташриф буюрган атоқли санъаткорлар иштирокида катта шодиёна сифатида ўтказилди.
Ботир Зокиров таҳсил олган Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган кўчага у кишининг табаррук номи берилди. Ушбу консерватория ҳузурида Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти барпо этилди. Энди бу ерда ҳайкал ўрнатилиши мажмуага янада кўрк бағишлади.
– Бу ҳайкал Ботир Зокиров хотирасига ўрнатилган рамзий бир тимсолдир. Айни пайтда Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатни равнақ топтириш йўлида олиб бораётган барча ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижалари бу улуғ ижодкорга энг муносиб ёдгорлик бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Ботир Зокиров ижодий феномени миллий санъатимиз тарихида бутун бир даврни ташкил этиши таъкидланди. Унинг бой меросини чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ишларини давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига алоҳида қарор тайёрлаш топширилди. Унда Тошкент шаҳрида санъаткорнинг мемориал музейини барпо этиш, эстрада санъати бўйича Ботир Зокиров номидаги халқаро кўрик-танлов ва талабалар учун давлат стипендияси жорий этиш, бадиий фильм яратиш, Ботир Зокиров номидаги жамғарма ва Миллий эстрада симфоник оркестри фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби вазифалар кўзда тутилади.
Маросимда Ботир Зокировнинг издошлари, санъат ва маданият намояндалари сўзга чиқди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада институти фаолияти билан танишди.
Бу таълим маскани давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 декабрдаги қарори асосида, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги доирасида ташкил этилган эди. Маданий ва илмий меросдан фойдаланиб, миллий эстрада санъатини ривожлантириш, моҳир ижрочилар ва педагоглар тайёрлаш, замонавий куй-қўшиқлар яратиш институтнинг асосий вазифаларидир.
Ўтган йили институт учун 500 ўринли янги бино қуриб, фойдаланишга топширилди. Бу ерда ўқиш ва ижод учун барча шароит яратилган. Аудиториялар зарур мусиқа анжомлари ва техникалар билан жиҳозланган.
Институтда эстрада вокал санъати, чолғу ижрочилиги, техноген санъат, бастакорлик санъати, санъатшунослик, дирижёрлик каби йўналишларда мутахассислар тайёрланмоқда. Бугунги кунда 479 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга профессор-ўқитувчилар, халқ артистлари дарс беради.
Президентимиз дарс жараёнларини кузатди, ўқитувчи ва талабалар билан мулоқот қилди.
– Аввало, мана шундай даргоҳ билан сизларни, бутун санъатсевар ёшларимизни табриклайман. Биз бу ишларни нима учун қиляпмиз? Санъатимизнинг буюк меросини, ёшларимизнинг нималарга қодирлигини дунёга тараннум этиш учун. Институтга миллий санъатимизда феномен бўлган Ботир Зокиров номини берганимиз ҳам бежиз эмас. Бу ерда унинг муносиб издошларини тарбиялашни, истеъдодини юзага чиқаришни мақсад қилганмиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўқув юрти кутубхонасида саккиз мингдан ортиқ адабиёт ва ноталар жамланган. Миллий эстрада бўйича илмий, амалий ва ижодий изланишлар олиб бориш учун тадқиқот маркази ҳам ташкил этилган.
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев Киночилар саройини ҳам бориб кўрди.
Ушбу маскан 2021 йил мукаммал таъмирланиб, шароитлари янгиланди. Катта-кичик заллар, ёзги кинотеатр ва хоналар замонавий жиҳозланди. Бугун бу ерда жами 3 минг нафар томошабинни қабул қилиш имкони мавжуд.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Ўзбекистон кино санъати музейини кўздан кечирди. Музей 1972 йилда ташкил этилган бўлиб, илгари музей-архив сифатида фаолият юритган. Унда эллик мингдан ортиқ тарихий буюм, либос, расм ва кинотасмалар бор.
Эндиликда музей Киночилар саройига кўчирилиб, кўргазмага қўйилди. Биринчи қаватдаги экспонатлар ўзбек киносининг тарихи ва асосчилари, сўнгги йиллардаги ютуқларига бағишланган. Иккинчи қаватда тарихий фильмлардаги либослар, атоқли киноижодкорлар ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган. Аҳамиятлиси, кино кўриш истагида келган борки, шу тарих билан танишиб ўтади.
Шавкат Мирзиёев шу ерда режиссёр ва актёрлар, киношунослар, соҳа мутасаддилари билан суҳбатлашди.
– Сўнгги йилларда миллий киномиз қайта “уйғонди”, десак тўғри бўлади. Юқори савияли, замонавий сифатли фильмлар пайдо бўлди. Бунинг учун сизларга миннатдорлик билдираман. Шу билан бирга, кинематографияни ривожлантириш учун яна нималар қилишимиз керак, деган савол мени ўйлантиради. Агар тарихимизни дунёга тараннум этмоқчи бўлсак, халқимизнинг миллий ғурурини кўтармоқчи бўлсак, буни биринчи навбатда кино ёрдамида амалга оширишимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Мулоқотда Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Тирик тарих” туркумидаги фильмлар лойиҳаси тақдимот қилинди.
Бу 2024-2030 йилларга мўлжалланган стратегик дастур бўлиб, энг қадимги ўтмишимиздан тортиб, яқин тарихимизгача бўлган жуда катта даврни қамраб олади. Яратилажак фильмларнинг мавзуси кенг ва ранг-баранг.
Жумладан, милоддан аввалги VI асрда яшаган миллий қаҳрамонимиз Широқ ҳақида, миллий давлатчилигимиз тарихида ўчмас из қолдирган Алп Эр Тўнга, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар ҳақида, шу пайтгача етарли ўрганилмаган шайбонийлар ҳақида, қорақалпоқ шоири Ажиниёз ва бошқа машҳур адиблар ҳақида, буюк алломаларимиз ва миллий истиқлол курашчилари ҳақида ҳикоя қилиниши кўзда тутилган.
Лойиҳада чет эллик ҳамкорлар, хусусан, Испания, Германия, Венгрия, Россия, Беларусь, Туркия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби давлатларнинг кино санъати усталари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.
– Албатта, бу дастур ва ғояларни амалга ошириш учун кўп моддий имконият талаб этилишини, юзлаб истеъдодли мутахассислар зарурлигини ҳам барчамиз яхши биламиз. Қанчалик қийин бўлмасин, биз том маънодаги улкан, тарихий бу лойиҳанинг молиявий масалаларини ҳал қиламиз. Нега деганда, ушбу дастур шонли ўтмишимизни чуқур англаб, шу асосда келажакка ишонч билан дадил қадам қўйишга, ёшларни чинакам ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялаб, Учинчи Ренессансни барпо этишга катта туртки бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мулоқотда киноижодкорлар мазкур туркум фильмлар ва соҳани ривожлантириш юзасидан таклифларини билдирди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 17.05.2024
- Кўришлар: 1646
- Чоп этиш