Сармоядорлар Ўзбекистондаги инвестиция муҳити ҳақида қандай фикрда?

Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда етакчи компания ва банклар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар вакиллари иштирок этди. Мажлисда Тошкент инвестиция форумининг самарали натижалари тилга олинди.

Кенгашнинг дастлабки сессияси 2022 йил бўлиб ўтган. Бу каби мулоқотлар ҳукуматимиз ва хорижий инвесторлар ўртасида очиқ мулоқотни таъминлаётгани билан аҳамиятли.

Ҳозир мавзу доирасидаги умумий фикрларни билдиришдан йироқмиз. Мулоҳазаларни хорижий инвесторлар кенгаши аъзоларидан эшитамиз. 

Шри Пракаш Лохия, «Indorama Corporation» компанияси бошқаруви раиси (Сингапур)

– Ўзбекистонда текстиль, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширганмиз. Натижада ўн минг нафардан ортиқ инсонни иш билан таъминладик. Бу заминда етиштирилаётган маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқаришга ҳам ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Лойиҳларни амалга оширишда халқаро молия ташкилотлари, нуфузли компаниялар билан иш олиб борилмоқда. Мамлакатингизда бугун тадбиркорлар учун мана шундай қулай муҳит бор. Яқинда қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан яна мулоқот қилдик. Янги лойиҳаларни амалга оширамиз, соҳа ривожи учун янги технологиялар киритиш ниятидамиз. Бундай очиқ мулоқот муҳити яратилганидан, таклифларимиз эшитилаётганидан биз тадбиркорлар мамнунмиз.

Ли Минсук, «Youngone Corporation» компанияси бош ижрочи директори (Жанубий Корея)

– Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар самара бермоқда. Келишувларда ўзаро манфаатдорликнинг марказга қўйилиши сармояларнинг кўпайишига олиб келади. Бу борадаги юридик ислоҳотларни, коррупцияга қарши курашиш йўлидаги чора-тадбирларни ҳам олқишлаш керак. 

Энди фаолиятимиз ҳақида тўхталсам. Биз текстиль, мато ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан биримиз. Эллик йилдирки, маҳсулотларимизнинг харидорлари машҳур брендлар саналади. Турли давлатларда ишлаб чиқариш корхоналаримиз фаолият олиб боради. Ўзбекистонда ҳам йирик лойиҳаларимиз самарали ишламоқда. Юртингиз Марказий Осиёда биз фаолият бошлаган биринчи давлат бўлди. Самарқанд шаҳри ва Тошкент вилоятида ишлаб чиқариш комплексларимиз ташкил этилган. Бу лойиҳаларга инвестиция киритганмиз. Ҳозир яна ўттиз миллион долларлик сармоя киритиш режамиз бор. Бундай лойиҳалар сони ортаётгани Ўзбекистонга бўлган ишончнинг бир рамзи дейиш мумкин.

Муҳаммад Ал-Рамаҳий, «Masdar» компанияси бош ижрочи директори (Бирлашган Араб Амирликлари)

– Ўзбекистон иккинчи уйимга айланди. Президентингиз таъкидлаганидек, бу ерда ортга қайтмайдиган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни барчамиз кўриб турибмиз. Натижалар ҳақида кўп гапиришим ҳам шартмас, ҳаммаси рўй-рост кўриниб турибди. Ўзбекистон 2018 йил бизни, компаниямизни яхши кутиб олди. “Яшил энергия” борасидаги ҳаракатларга қўшилдик. Кейинги йилларда бир қанча ҳудудларингизда қуёш ва шамол электр станциялари қурилди. Янги лойиҳалар изчил давом этяпти. Қаерда электр энергияси билан боғлиқ масалалар ҳал этилса, ўша ерда ривожланиш бўлади. Инвестиция киради. Бу тараққиётга эришишнинг шартларидан бири. Президентингиз кенгаш аъзоларининг билдирган фикрларини батафсил эшитди, ҳаммасидан ҳам муҳими мана шу.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech