27 октябрь – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайлов бўлиб ўтадиган кун. Ушбу санага ҳам тобора саноқли кунлар қолмоқда.
Мамлакатимиз ҳаётидаги мазкур сиёсий тадбир фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини амалга ошириш баробарида юртимиз бугуни ва эртанги равнақини таъминлашга хизмат қилади, аҳоли ҳаёти ва турмушини янада фаровон қилишга, ҳудудлар қиёфасини ўзгартиришга замин бўлади. Шундай экан, ушбу муҳим сиёсий тадбирда ҳар бир сайловчи ўз фуқаролик бурчини, сайлаш ҳуқуқини фаоллик билан амалга ошириши, сайлов жараёнларига дахлдорлик ҳисси билан ёндашмоғи лозим. Зеро, сайловчининг сайлов ҳуқуқини амалга ошириши унинг сайлов кампаниясидаги электорал маданиятини кўрсатадиган энг муҳим мезонлардандир.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳар бир сайловчи сайловда битта сайлов участкасида бир маротаба овоз беради. Буни таъминлаш, унинг бошқа сайлов участкасида иккинчи марта овоз беришининг олдини олиш мақсадида сайловчининг овоз бериш жойи белгиланади. Яъни, сайловчиларнинг овоз бериш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида сайлов участкалари ҳамда ушбу сайлов участкасида овоз бериши мумкин бўлган сайловчилар рўйхати тузилади.
Хўш, сайловчилар рўйхати қай тартибда тузилади? Бунда нималарга амал қилиниши лозим?
Сайловчилар рўйхати сайлов кампанияси давридаги энг муҳим ва ҳал қилувчи ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Чунки ушбу рўйхат асосида сайловчиларнинг сайлов жараёнидаги иштироки таъминланади. Қолаверса, бу “бир сайловчи – бир овоз” тамойилига амал қилинишига замин бўлади. Сайловчилар рўйхатининг қонун талаблари асосида тузилиши халқаро сайлов стандартларига мувофиқ фуқароларнинг умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.
Сайлов қонунчилигимизга кўра, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар сайловчилар рўйхатига киритилади. Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин. Бунда ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади.
Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.
Ҳар бир участка сайлов комиссияси тузилганидан кейин уч кун ичида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида тақсимланган мазкур участка сайловчиларининг дастлабки рўйхатини олади. Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг дастлабки рўйхатини олганидан кейин уни мазкур участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан аниқлаштириш чораларини кўради. Сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш ишларида жамоатчилик вакиллари ҳам жалб этилиши мумкин. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари сайловчиларнинг рўйхатларини аниқлаштириш ишларига кўмаклашади.
Сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижалари бўйича сайловчининг Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзилига оид тузатишлар қилиб, сайловчилар рўйхатларига ўзгартишлар киритиши мумкин.
Сайловчиларнинг рўйхати ҳар бир сайлов участкаси бўйича участка сайлов комиссияси томонидан тузилади ҳамда унинг раиси ва котиби томонидан имзоланади.
Ҳарбийлар, санатория ва касалхоналардаги фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқини таъминлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолмаган. Сайлов кодексига кўра, ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ҳамда бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар эса яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритилади.
Шунингдек, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.Бир сўз билан айтганда, сайлаш ёшига етган ҳар бир фуқаронинг ушбу сиёсий ҳуқуқини таъминлаш бўйича барча чора-тадбирлар белгиланган тартибда амалга оширилади. Бу эса сайловчиларнинг ўз келажаги учун, оиласи, маҳалласи ва юрт эртаси учун ўз танловини амалга оширишларига имкон яратади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 10.10.2024
- Кўришлар: 979
- Чоп этиш