Туризм инфратузилмасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, соҳада тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш, шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг туризм инфратузилмаси ва маданий мерос объектларида эркин ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш, туризмда барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратишни назарда тутувчи тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ушбу соҳадаги энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 январдаги “Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Мазкур ҳужжатдаги вазифалар ижроси юзасидан Туризм қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мунисахон Асилхўжаева қуйидагиларни маълум қилди:
– Барча туризм объектлари ва жойлаштириш воситаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Саёҳат давомида ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамроҳлик қилувчи фуқаролар рағбатлантирилади. Туризм индустрияси объектларида ногиронлиги бўлган шахслар учун кўрсатиладиган хизматлар сифати янада оширилади.
Хусусан, жорий йилдан бошлаб, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун маданий мерос объектларида уларга шикаст етказмаган ҳолда пандус, плинтус ва лифтлар ҳамда кўзи ожизлар учун маданий мерос объектларининг кичрайтирилган ўлчамдаги макетлари ўрнатилади ва улар тўғрисида Брайль алифбосидаги маълумотлар жойлаштирилади.
Темир йўл ва жамоат транспортларида ҳамда барча аэропорт, вокзал, автошоҳбекатларда уларга эгалик қиладиган ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун шароитлар, махсус кўтарилиш пандуслари ва қулай зина тутқичлари ўрнатилади ҳамда махсус аравача қўйилади.
2027 йил 1 январга қадар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ 500 минг сўмдан ошмаган қисми, эшитиш қобилиятини йўқотган ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдогидлар тайёрлаш курслари харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан меҳмонхонанинг камида учта хонаси ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозланганда, ҳар бир махсус жиҳозланган хона учун юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарга — 2 миллион сўм, юлдузли тоифа олмаган меҳмонхоналарга — 1 миллион сўм миқдорларда субсидия берилади.
Шунингдек, хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўргатишни назарда тутувчи “Ўзбек академияси” (“Uzacademy”) интернет платформаси ташкил этилади. 2024 йил якунига қадар хориждаги ўзбек миллий маданий марказлари ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳузурида ўзбек тили курсларини ташкил этиш ҳамда уларда машғулотлар мунтазам олиб борилиши таъминланади.
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан Платформа орқали таълим бериш ташкил этилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
- Қўшилди: 18.03.2024
- Кўришлар: 1997
- Чоп этиш