Жорий йилнинг 17 январь куни Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Уни Олий Мажлис Сенати Раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 19 июндаги Фармони билан халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиб, соҳада парламент назорати кучайтирилгани айтиб ўтилди.
Фармон билан мазкур соҳада бир қатор янги механизмлар амалиётга жорий этилгани, хусусан, мутасадди вазирлик ва идоралар тегишли халқаро рейтинг ҳамда индексларга бириктирилгани, ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маърузани муҳокама қилиш тартиби жорий этилгани алоҳида қайд этилди.
Шундан сўнг йиғилишда 2024 йил давомида Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинглардаги кўрсаткичларга эътибор қаратилди.
Бинобарин, республикамиз учун устувор бўлган 9 та халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни яхшилангани, шу жумладан, Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида Ўзбекистон 2024 йилда аввалги ҳисобот даврига нисбатан 6 поғонага кўтарилиб, 193 та давлат орасида 63-ўринни эгаллагани айтиб ўтилди.
Мамлакатимиз электрон ҳукумат соҳасида ривожланиш бўйича “юқори” гуруҳдан “жуда юқори” гуруҳга кўтарилган 17 та давлат қаторидан жой олди.
Жаҳон банкининг 2023 йил учун эълон қилинган Статистика фаолияти самарадорлиги индексида республикамиз ўз кўрсаткичларини 17 поғонага яхшилаб, 217 та давлат орасида 62-ўринга кўтарилди.
Умуман олганда, сўнгги 7 йилда мазкур Индексда Ўзбекистон ўз позициясини 89 поғонага яхшилади.
Йиғилиш давомида Ўзбекистоннинг халқаро рейтингдаги ўрни яхшиланиши борасида яна бир қатор маълумотлар аниқ рақамлар мисолида айтиб ўтилди.
Хусусан, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида мамлакатимиз 48 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 91-ўринни эгаллади.
Ҳисоботда Ўзбекистон аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасида энг катта натижаларга эришган муҳим ислоҳотларни амалга оширган 5 та мамлакатдан бири сифатида қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда ижобий натижалар билан бирга айрим индекслардаги пасайишлар муҳокама қилинди ҳамда тегишлилиги бўйича масъул вазирлик ва идоралар вакилларининг фикрлари эшитилди.
Ўз навбатида, мамлакат имижига салбий таъсир этувчи бу каби ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этиш, керакли чора-тадбирларни кўриш зарур эканлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза лойиҳаси ҳақида сўз борди.
Шу билан бирга, йиғилишда устувор халқаро рейтинг ва индексларга илмий-тадқиқот муассасалари ҳам бириктирилиб, 2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга қаратилган амалий чора-тадбирлар дастурлари лойиҳалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида Республика кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 17.01.2025
- Кўришлар: 354
- Чоп этиш