Бу йил соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш каби соҳаларда 100 дан ортиқ рақамлаштириш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Замон шиддат билан ўзгараяпти. Жаҳонда ҳар бир соҳага сунъий интеллект, рақамли технологиялар кириб келаяпти. Бу борада юртимизда ҳам қатор лойиҳалар бошланган.
Мисол учун, “MyID” ва “UzFace” дастурлари 70 дан ортиқ ташкилот, банк, электрон савдо майдончалари ва тўлов тизимларида жорий қилиниб, 10 миллион фойдаланувчини масофавий биометрик идентификация қилиш имконияти яратилди. “Ўзбеккосмос” сунъий интеллектни қўллаб, 43 мингга яқин ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш ва рухсатсиз қурилиш ҳолатларини аниқлади.
Тақдимотда соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, банк, солиқ, божхона каби соҳаларда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.
Аввало, сунъий интеллект бўйича қонунчилик базасини яратиш кераклиги қайд этилди. Сунъий интеллектни жорий этиш стратегияси ва икки йиллик лойиҳалар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Сунъий интеллект технологиялари марказини ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди.
Хусусан, банк-молия соҳасида сунъий интеллектни қўллашни кенгайтириш, бу бўйича кадрлар тайёрлаш ва ходимлар малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Бугунги кунда 4 та университетда сунъий интеллект бўйича кадрлар тайёрланаяпти. Ҳозирда катта маълумотларни қайта ишлаш ва тил моделлари бўйича 600 нафар мутахассисга талаб бор. Бу келгуси йилларда каррасига ошади. Шуни инобатга олиб, соҳалар кесимида талабга мос мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги айтилди.
Дунёнинг барча илғор IT компаниялари ўз фаолиятини стартапдан бошлаган. Бизда ҳам бу борада биринчи қадамлар ташланаяпти. Ўтган йили бундай лойиҳалар учун жалб қилинган венчур инвестициялар ҳажми 134 миллион долларни ташкил қилган.
Давлатимиз раҳбари стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун венчур инвестицияларга кенг шароит яратиш вақти келганини таъкидлади. Шу боис стартап экотизимини ривожлантириш, венчурли молиялаштириш механизмларини жорий қилиш бўйича топшириқлар берилди.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»