Суд ҳокимияти мустақиллиги: конституциявий ислоҳотларнинг амалдаги натижалари

Мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида суд ҳокимияти мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини самарали таъминлаш устувор аҳамият касб этмоқда. Буни Давлатимиз раҳбари яқинда бўлиб ўтган янги чақириқ Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида  ҳам алоҳида қайд этиб ўтди. Айтилдики, Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини сайлаш тизими йўлга қўйилгани суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Дарҳақиқат, шундай. Судьялар олий кенгаши таркибини демократик тарзда шакллантириш нафақат унинг аъзоларининг мустақил фаолият юритишини, балки бутун суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашни кафолатлайди.

Қайд этиш лозимки, Конституциянинг аввалги таҳририда Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантиришга оид нормалар белгиланмаган эди. Ушбу масала фақат “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинган бўлиб, эндиликда мазкур норма Конституция даражасида мустаҳкамланди. 

Янгиланган Конституцияда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг мақоми судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи сифатида белгилангани, шунингдек, “судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги” ҳамда  “суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас”лигига доир янги нормалар ҳам суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигининг муҳим конституциявий кафолатлари ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари томонидан судьяларнинг мақоми ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини, шунингдек, суд тизимини молиялаштириш учун маблағлар ажратишда уларнинг иштироки кафолатларини алоҳида қонунлар билан белгилаш фурсати келганини ҳам қайд этилди.

Ҳар бир шахснинг ҳуқуқий мақоми жамиятда эгаллаган ижтимоий мавқеига қараб белгиланади. Мамлакатимиз қонунчилигида судьялар одил судловни амал ошириш ваколати берилган мансабдор шахслар сифатида эътироф этилиб, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, лавозимга тайинлаш (сайлаш) ва озод этиш тартиблари “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солинган.   Судья мақомининг процессуал қисми, яъни давлат хизматчиси лавозимини эгаллаган шахс сифатида процессуал қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларида акс этади. Бироқ судьянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг фуқаро сифатидаги жамиятда тутган алоҳида ўрнини ҳам қамраб олади. Демак, судьянинг мақоми алоҳида қонун билан белгиланиши суд ҳокимияти мустақиллигини янада таъминлаш билан бирга ушбу лавозим эгасининг масъулиятини ошириш, суд органларининг ўзини ўзи бошқаришдаги фаол  иштирокини таъминлайди. 

 Судьялар мақоми алоҳида қонун даражасида белгиланиши шунинг ҳам мақсад мувофиқки, айни лавозим ўта масъулиятли ҳисобланиб, одил судловни таъминлаш жараёнида судья ўз ваколатларини амалга оширишининг яна бир ҳуқуқий кафолати ҳисобланади. Қолаверса, судьянинг ҳуқуқий мақоми унинг одил судловни амалга оширишдаги мустақиллиги ва дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш билан бирга ўз вазифаларини бажармаганлик учун юридик жавобгарликни ҳам назарда тутади. Зотан, судьяларнинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқий ҳолати унга яратилган шахсий имтиёз бўлмасдан, балки ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари суд ҳимоясида бўлишини таъминловчи восита ҳисобланади.

Маълумки, судьялар ҳамжамияти органлари суд ҳокимияти  мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга, судьяларнинг фаолиятига оид ташкилий, ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа масалаларни ҳал қилишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилади. Янгиланган Конституцияда белгиланган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми судьялар ҳамжамияти органлари тузилмаларининг асосий вазифа ва ваколатини  қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш доир масалаларни қонуности ҳужжатлар билан эмас, балки алоҳида қонун билан тартибга солинишини тақозо этади. Судьялар олий кенгашнинг судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини ташкил қилиш бўйича ваколатлари ҳам қонун даражасига тартибга солиниши эса суд ҳокимияти мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлаш имкониятини кенгайтиради. 

 Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги молиявий омилга ҳам боғлиқдир.  Тизимнинг молиявий мустақиллиги одил судловни холис амалга ошириш, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, малакали судьялар корпусини шакллантириш, суд ҳокимияти нуфузини ошириш, аҳолининг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда  беқиёс аҳамиятга эга.  Янгиланган Конституциянинг 140-моддасида судлар фаолиятини молиялаштириш фақат Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан амалга оширилиши белгилангани судлар молиявий мустақиллигини таъминлашнинг яна бир конституциявий кафолатидир. 

БМТнинг “Суд органлари мустақиллигининг асосий принципларини самарали амалга ошириш Тартиби”да ҳам давлатларга суд тизимининг самарали ишлаши учун тегишли ресурсларни ажратиш, шу билан бирга, судларни зарур техник ходимлар ва жиҳозлар билан таъминлаш, судьяларнинг шахсий хавфсизлиги ва ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ мажбуриятлар юклатилган. Демак, суд органларининг мустақиллиги уларнинг молиявий жиҳатдан қай тарзда ва тартибда таъминланганлигига бевосита боғлиқ экан, молиявий мустақиллик кафолатлари, бу жараёнда тизим вакилларининг иштироки алоҳида қонун  билан мустаҳкамлаш орқали суд ҳокимиятининг чинакам молиявий мустақиллигига эришилиши мумкин. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги ташаббуси  “2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси”да белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини ҳам таъминлайди.  

Ислоҳотлар ҳақида ҳар қанча гапирилмасин, унинг самараси натижаларда кўринади. Куни кеча оммавий ахборот воситаларида  навбатдаги ёқимли янгиликлар эълон қилинди. Бутунжаҳон одил судлов лойиҳаси (World Justice Project – Ворлд Жастиж Прожект, АҚШ) ташкилоти томонидан ҳар йили ўтказиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Тартиб ва хавфсизлик индикатори бўйича Ўзбекистон 2023 йилда дунёдаги 142 та давлатлар орасида 12-ўринни,Осиёда 49 та мамлакатлар орасида 5-ўринни, Шарқий Европа, Марказий Осиё, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлатлари орасида эса 1-ўринни эгаллагани кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳосиласидир.

Ислоҳотлар эса изчил давом этмоқда.

Холмўмин Ёдгоров,

Ўзбекистон Республикаси 

Судьялар олий  кенгаши раиси

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech