Ривожланган давлатлар юрисдикциясида турли кўринишларда муваффақиятли қўлланиб келинаётган қатор амалиётлар миллий қонунчилигимизга, қолаверса миллий менталитетимизга мослаштириб ишлаб чиқилмоқда. Янги тартиблар қонунчилигимизга механизм сифатида кириб келиб, ўзининг ижобий самарасини бермоқда ва одил судловни амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Тергов судьяси институти яна шундай янги механизмлардан бири сифатида ишни судга қадар юритишда тортишув принципининг амал қилишини таъминлайди.
Тергов судьяси институти бугунги кунда Бельгия, Греция, Ироқ, Испания, Нидерландия ва Хорватия давлатларида муваффаққиятли амалга оширилмоқда. Бу институт, айниқса, Францияда шаклланган бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўринга эга. Собиқ иттифоқ давлатларида ҳам кейинги йилларда мазкур тизим жадаллик билан жорий этилмоқда. Хусусан, 2002 йил Литвада, 2003 йил Молдавия ва Эстонияда, 2005 йил Латвияда, 2013 йил Украинада, 2015 йил эса Қозоғистон ва Грузияда йўлга қўйилди. Қирғизистон ва Арманистонда эса тергов судьяси институтини жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Мамлакатимизда ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини “Инсон қадри учун” тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ана шу ислоҳотларининг давоми сифатида 2024 йил 10 июнда давлатимиз раҳбари томонидан “Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди.
Мазкур фармон билан бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартлар асосида ишни судга қадар юритиш босқичида тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.
2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади. Улар судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади. Тергов судьясининг процессуал қарорларга берган санкциялари фақатгина тегишли апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилиши белгиланди. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кўрилган ишларни ҳам юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқиш тартиби сақлаб қолинади.
Фармонга мувофиқ тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади:
Санкциялар:
қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;
қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;
паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;
мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;
почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;
телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;
мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома.
Мажбурлов чоралари:
айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;
шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;
айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;
ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;
Прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларида ҳеч бир жараён бирданига содир бўлмайди. Судлар ихтисослашиб, судьялар қанчалик ихчам ва ўзлари малакалашган доирада иш кўриш билан шуғуллансалар, табиийки, улар шу соҳа қонун-қоидаларини мукаммал ўрганиб, ихтисослашиб борадилар. Натижада хатолар камаяди ва холислик таъминланади.
Бугунги кунда жиноят ишлари бўйича судлар судьялари жиноят ишлари билан биргаликда маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишларни, шунингдек, судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласидаги илтимосномаларни ҳам кўриб чиқади. Жиноят ишлари бўйича судларда тергов судьяси лавозими жорий этилиши билан иш юкламаси енгиллашади ва суд қарорларининг сифат даражаси янада ошади.
Тергов судьяларининг ташкилий фаолиятига Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари раҳбарлик қилади. Айтиш мумкинки, янги тизим суриштирув ва тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоялаш ва аҳолининг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳулкар Келдиярова,
Самарқанд вилоят судининг судьяси.
ЎзА
- Қўшилди: 28.06.2024
- Кўришлар: 1436
- Чоп этиш