Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ҳамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мажлисда “Янги Ўзбекистон – янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди.
Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Натижада одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини такомиллаштириш орқали процессуал кодексларга фуқаролар учун қулай ҳамда соддалаштирилган тартибни яратишга қаратилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституцияда суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритишига ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилгани судлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Мазкур нормани ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш учун қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни ва зиддиятларни бартараф этиш зарурияти юзага келмоқда.
Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, ўз навбатида, судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришига оид норма жорий этилмоқда. Шунингдек, суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилгани муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни бартараф этади, жамоатчиликнинг судлар фаолиятидан хабардорлигини оширишга ҳуқуқий асос яратади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 01.04.2024
- Кўришлар: 1769
- Чоп этиш