Парламент сўрови жавобида келтирилишича, фуқаролар таклифлар асосида шаклланган "Ташаббусли бюджет" лойиҳасини янада такомиллаштириш, илғор ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда аҳолининг фаол иштирокини янада кенгайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ташаббусли бюджет жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида овоз бериш босқичини ҳаққоний ўтказилишини таъминлаш мақсадида жорий йил биринчи мавсумдан бошлаб "Бир фуқаро-бир овоз" тамойили жорий этилди. Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида "Очиқ бюджет" порталининг "Андроид" ва "ИОС" тизимларида ишлайдиган мобил иловаси ишлаб чиқилди.
Шунингдек, овоз бериш имкониятини берувчи "Телеграм" ботлар ишга туширилди. Фуқароларга ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш ҳолатини реал-вақт кўринишда кузатиб бориш имконияти (хронология бўлими) жорий этилди.
Бундан ташқари, кенг жамоатчилик ва депутатларнинг таклифларини инобатга олиб амалдаги тартибга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда:
—аҳоли сони кичик бўлган маҳаллаларнинг ғолиб бўлиш имкониятини яратиш мақсадида доимий тарзда ғолиб бўлиб келаётган маҳалла(ташкилот)ларга танаффус эълон қилиш амалиётини жорий этиш;
— ходимларни мажбурий овоз тўплашга жалб этиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича мақсадида овоз бериш босқичи муддатини 10 кунга камайтириш, мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларни ғолиб лойиҳалар рўйхатидан четлатиш амалиётини жорий этиш;
—халқ депутатлари ҳудудий кенгашларининг ваколатларини кенгайтириш мақсадида туман (шаҳар) бюджетидан қўшимча маблағ ажратиш ҳисобига ғолиб бўлмаган лойиҳаларни қўшимча ғолиб сифатида эълон қилиш амалиётини жорий этиш назарда тутилмоқда. Ушбу ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Олий Мажлис Сенатига тақдим этилган.
Мажлисда қайд этилганидек, "Ташаббусли бюджет" лойиҳаларини шакллантириш, лойиҳани танлаш, танлов ғолибларини аниқлашда инсон омилини имкон қадар қисқартириш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Жумладан, жиҳозлаш лойиҳаларини шакллантиришни тартибга солиш мақсадида жорий йилдан бошлаб жиҳозлаш билан боғлиқ барча лойиҳалар электрон реестр асосида тегишли вазирликлар томонидан тақдим этилган ва рухсат этилган товар ва жиҳозлар асосида шакллантириш тизими жорий этилди.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»