Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2024 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Автомобил давлат рақамларини бериш тартиби ўзгаради
1 августдан бошлаб автомобилларга давлат рақами белгилари тасодифий танлаш йўли билан берилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига автомобил йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 17 июл куни қабул қилинган қарорида сўз боради.
Ҳозирги тартиб бўйича давлат рақами белгилари ўсиб борувчи рақамлаш кетма-кетлиги бўйича берилмоқда («чиройли рақамлар» бундан мустасно, улар аукцион орқали сотилади).
Янги тартибга кўра, давлат рақамлари Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг «Давлат рақам белгилари» модули орқали автоматик тарзда шакллантирилади.
Тиббиёт чиқиндилари муқобил энергияга “айлантирилади”
Президентнинг тегишли қарорига кўра, тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Қарорда Sayar LLC компанияси (инвестор) томонидан “Тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳаси доирасида Sayar green масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона (лойиҳа компанияси) таъсис этилгани келтирилган.
Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида инвестор, лойиҳа компанияси ва ҳукумат номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида тузилган инвестиция шартномаси тасдиқланган.
2024 йил 1 августдан:
- тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндилари тўлиқ ҳажмда лойиҳа компаниясига топширилади;
- лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси белгиланган тартибда тасдиқланган тарифларда тиббиёт муассасалари томонидан сотиб олиниши таъминланади. Бунда иссиқлик энергияси бошқа шахсларга ҳам белгиланган тартибда етказиб берилиши мумкин.
Инвестиция лойиҳаси амалга ошириладиган ҳудудларда жойлашган барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндиларини лойиҳа компаниясига тўлиқ етказиб бериш бўйича талабга риоя этмаслик санитар осойишталик ва чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш давомида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик ҳисобланади.
Сайхунободда 1 йиллик эксперимент
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида 2024 йил 1 августдан 2025 йил 1 августга қадар ҳуқуқий эксперимент ўтказилади. Эксперимент доирасида тумандаги юридик шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиқларининг 10 фоизи ҳамда «маҳалла еттилиги» ўз ҳудудида тадбиркорликни субъектлари томонидан яратилган янги иш ўринларига расмийлаштирилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қўшимча тушган 50 фоизи маҳалла бюджетига йўналтирилади.
Бунда:
- ушбу банд қоидалари йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган тушумларга ҳамда бюджет ташкилотларида яратилган иш ўринларига нисбатан татбиқ этилмайди;
- мазкур бандда кўрсатилган даромадлар молия йили учун белгиланган ажратма меъёрларига мувофиқ тегишли вилоят ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар туман маҳаллий бюджетлари орқали маҳалла бюджетига йўналтирилади;
- Сайхунобод тумани «маҳалла еттилиги» ўз ҳудудида тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилган янги иш ўринларига расмийлаштирилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қўшимча тушган 50 фоизини маҳалла бюджетига йўналтириш тасдиқланган схемага мувофиқ амалга оширилади.
Рақамли криминалистика институтига бир қатор ҳуқуқлар берилади
Президентнинг 2024 йил 21 июндаги тегишли қарори билан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Рақамли криминалистика илмий-услубий маркази негизида Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти ташкил этилиш кўзда тутилган.
2024 йил 1 августдан мазкур институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
➖рақамли криминалистика бўйича суд экспертизалари ва тадқиқотлар ўтказиш;
➖жиноятларнинг рақамли изларини аниқлаш, олиб қўйиш, сақлаш ва тадқиқ қилиш ҳамда ўрганилган маълумотлар бўйича хулосалар тайёрлаш;
➖рақамли криминалистика соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларни замонавий рақамли криминалистика экспертиза турлари бўйича масофавий ва анъанавий тарзда ўқитиш;
➖рақамли криминалистика фаолиятини амалга ошириш ҳамда махсус криминалистика лабораториялари ишини самарали ташкил этиш учун шартнома асосида малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
➖илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари доирасида ҳамда техник восита ва бутловчи эҳтиёт қисм сифатида фойдаланиш учун Ички ишлар вазирлигида юритиладиган рақамли ахборот ташувчи қурилмалар (мобил телефон, смартфон, планшет, компьютер техникаси, видеорегистратор, қаттиқ диск, флеш хотира ва ташқи жамлагичлар) коллекциясидан фойдаланиш;
➖илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш учун зарур бўлган статистик ва бошқа ахборотни вазирликлар ва идоралардан бепул асосда сўраб олиш.
Айрим “замҳоким”ларнинг лавозими ўзгаради
2024 йил 19 июл куни давлат раҳбарининг “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Ҳужжат билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун қулай муҳит яратиш ва мазкур соҳага янгича ёндашувларни жорий этиш назарда тутилган.
Хусусан, қарорга кўра, 2024 йил 1 августдан бошлаб:
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимларининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими — қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига;
- Тошкент шаҳри ва унинг туманлари ҳокимларининг қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими — ҳокимнинг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига ўзгартирилади.
Шунингдек, қарор билан тасдиқланган “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича чора-тадбирлар дастури”га кўра, 2024 йил 1 августдан бошлаб доимий равишда ногиронлиги бўлган шахслар имкониятлари, улар эришган ютуқлар тўғрисида видеоролик ва тарғибот материаллари тайёрланиб, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилинади. Қолаверса, кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун давлат буюртмалари бўйича эълонлар талабларига сценарийда мажбурий равишда ногиронлиги бўлган шахс иштирокидаги эпизодлар мавжуд бўлиши билан боғлиқ талаб киритилади ва танловларда инобатга олинади.
Бошқа ўзгаришлар
2024 йил 1 августдан бошлаб:
- кичик саноат зоналари иштирокчилари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ёш тадбиркорлик субъектларининг инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлари бажарилгани Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар томонидан мажбуриятларни бажариш муддати тугагандан сўнг уч ой ичида қабул қилинади, амалга ошириш муддати 2024 йил 1 августга қадар тугаган лойиҳалар бундан мустасно;
- туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган амалиёт базаларини (туроператор, турагент, гид-таржимон, меҳмонхона ва туризм транспорти хизматларини кўрсатиш объектлари) белгиланган тартибда ташкил этишга рухсат берилади;
- педагог кадрларни навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатгани учун ундириладиган йиғимлардан Мактабгача ва мактаб вазирлигига ўтказиладиган қисмнинг 50 фоизи Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказига йўналтирилади;
- бошланғич нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача бўлган давлат активларини, ер участкаларини ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг мулкларини сотиш ва ижарага бериш бўйича ўтказиладиган электрон онлайн-аукцион савдолари жараёнида, иштирокчилар томонидан учинчи қадамдан бошлаб шахсий ҳисобварағида камида уларнинг нарх таклифига нисбатан амалдаги закалат миқдоридаги суммага эга бўлиш тартиби киритилади. Бунда, ушбу маблағлар закалат сифатида ҳисобга олинади;
- хавфлилик омили III — IV тоифа бўлган объектларни ҳудуднинг зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаш ва қуриш тартиби жорий этилади;
- алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб, мактаб-интернатларда қисқа муддатли таълим ва тарбия беришга мўлжалланган «Ғамхўрлик» гуруҳлари ташкил этилади;
- металл, шу жумладан, алюмин идишдаги сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш бошланади.
Kun.uz
- Қўшилди: 31.07.2024
- Кўришлар: 1376
- Чоп этиш