Ижтимоий тармоқларда “Бухоро вилояти Отбозор турмасида маҳбусларга нисбатан қийноқлар амал қилади” мазмунида видеохабар эълон қилинди.
Унда турмада маҳкумларнинг сочлари тақир қилиб олиниши, уларга "тефаль" ва “нос” киритилмаслиги, кўникма марказлари ва тинтувга оид норозиликлар билдирилган.
Хабарда Бухоро шаҳридаги 4-сон Тергов ҳибсхонаси ҳақида сўз боргани аниқланди. Мурожаат зудлик билан Омбудсман назоратига олиниб, минтақавий вакил томонидан жойига бориб ўрганилди.
Мониторинг давомида ҳибсхонада сақланаётган маҳбуслар билан учрашилиб, хабарда келтирилган ҳолатлар юзасидан сўралганда улар қайнатилган сув сўралган заҳотиёқ берилаётгани, сочлари эса фақат машинкада енгиллаштирилган ҳолда олиниши, ҳар ҳафта ювинишга етарли вақт берилаётгани, посилка ва бандероллар ҳамда йўқловлар орқали тамаки маҳсулотлари олаётганини билдирган.
Маҳбуслар билан суҳбат давомида Омбудсман минтақавий вакилига қийноқ ҳолати бўйича мурожаатлар келиб тушмаган.
“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасига кўра, ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларга қонунчиликда белгиланган санитария, гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган маиший шароитлар яратилади.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар учун яқин қариндошлари томонидан электрон чойнак берилиши тақиқланган. Мониторингда ҳибсхона маъмурияти томонидан тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахсларни доимий равишда қайнатилган сув ва иссиқ чой билан таъминлаш мақсадида сув қайнатгич ўрнатилгани аниқланди.
Қайд этиш лозимки, “нос” маҳсулоти расмий рўйхатдан ўтказилмагани, маҳсулот нимадан иборатлиги номаълум бўлганлиги сабабли, ушбу маҳсулот тергов ҳибсхонада сақланаётган шахсларга берилишига ҳибсхона раҳбарияти томонидан чеклов қўйилгани аниқланди.
Маълумот учун: Тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахсларни шахсий тинтувдан ўтказиш Ички ишлар вазирининг 2012 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ИИВ тергов ҳибсхоналари ички тартиб қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғининг 36-бандига мувофиқ амалга оширилади.
Тергов ҳибсхонасига олиб келинган шахсларни 10 кун давомида кўникма марказига жойлаштириш ҳолатига аниқлик киритиш бўйича Ички ишлар вазирлигига Омбудсман назорат хати киритилди.
Таъкидлаш жоиз, Омбудсман минтақавий вакили 2024 йилнинг январь ва февраль ойларида ушбу ҳибсхонага жами 5 маротаба мониторинг ташрифини амалга оширган ва “Омбудсман қути”ларидаги мурожаатларни қабул қилган.
Омбудсман ахборот хизмати хабарига кўра, 2023 йил якунларига кўра, Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 603 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилган.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 23.02.2024
- Кўришлар: 1828
- Чоп этиш