Президент Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимиз стандартлаштириш соҳасини ислоҳ қилиш ва соҳага замонавий ёндашувларни жорий қилиш мақсадида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилган эди.
Сўнгги йилларда 12 мингта стандарт қабул қилинди, 400 турдаги маҳсулотларни синовдан ўтказиш йўлга қўйилди. Натижада 40 та янги экспорт бозорига чиқилди.
Шу билан бирга, охирги етти йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2,5 баробарга ошиб, 63 миллиард долларга етди. Бу йил ҳам экспортни 1,5 баробарга кўпайтириб, 25 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, истиқболда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсад қилинган.
Шундан келиб чиқиб, амалдаги техник тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг экспортга кўмаклашиш ва ички бозорни сифатсиз товарлардан ҳимоя қилишдаги иштирокини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга.
Миллий сертификатлар чет элда тан олиниши учун тизимли ишлаш, Миллий эталонлар базасини тўлдириш орқали хорижда мамлакатимиз лабораторияларининг синов натижаларига ишончни ошириш, ҳозирги кунда энг зарур бўлган техник регламентларнинг мавжудларини халқаро талабларга мослаштириш ва янгиларини ишлаб чиқиш зарур.
Стандартлаштириш соҳасидаги 6 та ахборот тизими ва 2 та портални ўзаро интеграция қилиш, вазирлик ва идораларнинг стандарт соҳасидаги кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳавий техник қўмиталар фаолиятини жонлантириш керак.
Тақдимотда соҳа олдида турган вазифаларни ҳал қилиш мақсадида ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тўғридан-тўғри Ҳукумат бўйсунувига ўтказилиши белгиланди.
Экспортчиларга кўмакчи бўлиб, миллий сертификатлар хорижий давлатларда тан олиниши бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш, сифатсиз маҳсулотлар импортининг олдини олиш устидан қатъий назорат ўрнатиш, Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар тўғрисидаги битим талабларини амалиётга жорий этиш агентликнинг асосий вазифалари сифатида белгиланади.
Шунингдек, агентлик соҳа учун кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга бевосита масъул бўлади, аҳоли ва тадбиркорлар билан ишлашда шаффофликни таъминлаш учун соҳани тўлиқ рақамлаштиради.
Жорий йилда ривожланган давлатлар билан синов натижаларини икки томонлама тан олиш бўйича келишувларга эришиш ишларини давом эттириб, 1,2 мингта корхоналарда халқаро сифат тизимларини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, техник регламентлар билан қамраб олинган маҳсулотлар турини кўпайтириш, амалдаги 19 та техник регламентни қайта кўриб чиқиш ва янгилаш, эталонлар ва юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини жорий қилиш ишларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Жаҳон савдо ташкилоти билан самарали ҳамкорлик қилиш мақсадида агентлик тузилмасида Савдодаги техник тўсиқлар бўйича ахборот марказини ишга тушириш таклиф қилинди.
Кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида хорижий консультантларни жалб қилиш ва тармоқларда стандартга масъул кадрларни ўқитиш кераклиги айтилди. Соҳани рақамлаштириш мақсадида “Техник тартибга солиш” ягона электрон ахборот тизими ишга туширилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари ушбу таклифларни маъқуллаб, жойларга чиқиб, корхона ва тадбиркорлар билан учрашиш, уларнинг стандарт соҳасидаги муаммо ва таклифларини ўрганиш муҳимлигини таъкидлади ҳамда мутасаддиларга қайси стандартларни ишлаб чиқиш ёки қаерда лабораториялар ташкил қилиш бўйича аниқ режаларни белгилаб, ижросини таъминлаш бўйича топшириқ берди.
ЎзА
- Қўшилди: 27.02.2024
- Кўришлар: 2151
- Чоп этиш