Ҳиндистоннинг оммабоп “The Economic Times” газетасида эълон қилинган таҳлилий мақолалардан бири Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ-2024) якунига бағишланди.
Нашр шарҳловчиси Дипанжан Чаудҳури “Ўзбекистон ҳаётга татбиқ этилаётган муҳим ислоҳотлар ва бозор иқтисодиётига йўналтирилган қадамлар, хорижий давлатлар, жумладан Ҳиндистондан инвестиция жалб қилиш орқали ўзини минтақавий сармоя маркази сифатида намоён этмоқда”, деб ёзган.
Материалда мазкур анжуман сармоя киритиш жараёнини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилгани, ялпи мажлисда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этгани ҳақида сўз юритилган.
– Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум ўтган уч йил давомида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илғор ғоя ва ёндашувлар ишлаб чиқиш учун самарали мулоқот майдонига айланди, – дея таъкидлайди муаллиф. – Шавкат Мирзиёев тадбир мамлакатда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга нисбатан жиддий қизиқишдан далолат беришини таъкидлади. Ўзбекистон етакчиси мамлакатда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш борасида ташланаётган қатъий қадамлар, ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни санаб ўтди.
Дипанжан Чаудҳури нашр ўқувчилари эътиборини ана шундай изчил саъй-ҳаракатлар самарасига қаратган: сўнгги йилларда миллий иқтисодиёт қарийб икки баробар ўсди, ўтган йил якуни бўйича ижобий ўзгариш 6 фоизни ташкил қилди, савдо айланмаси кўрсаткичи муттасил ошмоқда, валюта бозори ва олтин-валюта захираси барқарорлиги ушланмоқда.
– Охирги йилларда мамлакатда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция ўзлаштирилди, халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан кўп маблағи ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди, – деб урғулаган муаллиф. – Энергетика соҳасида “ACWA Power”, “Masdar”, “Total Eren”, “Voltalia”, “Ҫalɩk” ва “Aksa”, кимё саноатида “Air Products”, “Indorama” ва “CAMCE”, тоғ-кон ва металлургияда – “Orano” ва “DANIELI”, автомобилсозлик ва электротехника йўналишларида “BYD”, “Kia” ва “Samsung”, қурилиш соҳасида “Коҫ” ва “KNAUF” каби дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда йирик брендлари билан 300 дан ортиқ инвестиция ва саноат лойиҳалари ишга туширилди. Тошкент форуми доирасида “Linde”, “Orascom”, “DataVolt”, “Bonafarm”, “PASHA holding” ва бошқа йирик шериклар иштирокида янги йирик лойиҳаларга старт берилди.
“The Economic Times” мақоласида “ТХИФ-2024” анжуманининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, натижаси ҳақида ҳам батафсил маълумот берилган.
ЎзА
- Қўшилди: 07.05.2024
- Кўришлар: 1558
- Чоп этиш