Адлия вазирлигида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Делегация раҳбари, элчи Урсула Гарчек конституциявий референдум ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича мониторинг натижалари юзасидан якуний ҳисоботларни расмий тақдим қилиш ҳамда уларда келтирилган хулоса ва тавсияларни муҳокама қилиш мақсадида вазирликка ташриф буюрди.
Учрашувда Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб қувватлаш соҳасидаги амалий ишлар ҳақида меҳмонларга сўзлаб берди.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси делегацияси раҳбари У. Гарчек хоним Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этишини ва мамлакатнинг демократик институтларни ривожлантириш бўйича олиб бораётган ишларини бундан кейин ҳам бюро томонидан кенг қўллаб - қувватланишини маълум қилди.
Шунингдек, делегация вакиллари Адлия вазирлиги билан фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 27.03.2024
- Кўришлар: 2106
- Чоп этиш