Ўзбекистон БМТнинг Марказий Осиёда Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази билан амалий ҳамкорликни кучайтиради

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзени қабул қилди.

Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари, шу жумладан Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати муҳокама қилиниб, келажакда биргаликда  амалга ошириладиган режалар кўриб чиқилди.

Таъкидлаш лозим, Марказ билан ҳамкорлик тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, терроризмга қарши курашиш, тинчликни мустаҳкамлашда аёллар ва ёшлар салоҳиятидан фойдаланиш, низоларнинг олдини олиш ва ҳал этиш, шунингдек, трансчегаравий сув ва энергия ресурсларидан биргаликда ва оқилона фойдаланиш каби масалаларни қамраб олади.

Учрашувда Ўзбекистон БМТ доирасида халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётган, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга амалий ҳисса бўлиб қўшилаётган ташаббусларни илгари сураётгани алоҳида таъкидланди.

Минтақавий даражадаги мулоқот ва ҳамкорлик учун турли платформалар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти  атиги 3 йил ичида гендер тенгликни таъминлаш бўйича долзарб таклифларни ишлаб чиқиш учун муҳим майдонга айланганига, бу борада Марказнинг фаол иштирокига тўхталиб ўтилди.

Шу нуқтаи назардан Мулоқот доирасида янги самарали чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Тошкент шаҳрида доимий фаолият юритувчи Мулоқот котибиятини очиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Шунингдек, мулоқот чоғида мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларининг превентив дипломатиянинг замонавий усуллари ва воситалари ҳақидаги билимларини ошириш бўйича  Марказ билан ушбу соҳада самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.  

Каха Имнадзе Марказий Осиё минтақаси давлатларининг ўзаро муносабатлари тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳар жиҳатдан ўсишни таъминлашга хизмат қилаётганига, бунда Ўзбекистоннинг алоҳида ҳиссасига тўхталиб ўтди.

Учрашув якунида минтақавий тусдаги қатор долзарб масалалар юзасидан яқин ва конструктив ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech