Тошкентда Ўзбекистоннинг БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) билан ҳамкорлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева иштирок этди.
Т.Нарбаева ўз нутқида улғайиб бораётган авлод манфаатлари йўлида биргаликда ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир давомида ўттиз йиллик ҳамкорлик давомида болаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини ошириш, шунингдек, уларни зўравонлик ва камситишнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилгани таъкидланди.
ЮНИСEФ комплекс дастурларни амалга ошириш учун техник ёрдам ва ресурслар тақдим этиш орқали Ўзбекистоннинг болалар учун қулай муҳит яратиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнайди. Бу ҳамкорлик мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларни илгари суриш, шу жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ҳаётга татбиқ этишда муҳим омил бўлди.
Ўзбекистонда кўп йиллардан буён ёш авлоднинг камол топиши учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президент Ш. Мирзиёев бошчилигида болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий ва институционал асослари изчил такомиллаштирилмоқда. Сўнгги йилларда ёш авлодни ҳимоя қилиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш ва баркамол ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган қатор муҳим қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
2024 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Ушбу ҳужжат зўравонликнинг барча шаклларини тақиқлайди ва уларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилишини назарда тутади.
Республикада инклюзив таълим тизими ҳам фаол ривожланмоқда, соғлиқни сақлаш, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ўқитиш соҳасида кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда.
ЮНИСEФ билан ҳамкорлик соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, таълим каби бошқа муҳим йўналишларда давом эттирилади. Ҳар бир болага ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини берадиган хавфсиз, соғлом ва фаровон муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартларга содиқлигидан ва мамлакатимизнинг болалар манфаатлари ишончли ҳимоя қилинадиган шарт-шароитлар яратишга интилишидан дарак беради.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 12.12.2024
- Кўришлар: 447
- Чоп этиш