Бугун Венеция шаҳридаги Ка Фоскари университетида “Ўзбекистон: саҳродаги авангард” кўргазмасининг “Шакл ва рамз” номли иккинчи қисми иш бошлади.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ХХ аср санъати икки энг залворли музейи сара тўплами намойишига бағишланган лойиҳаси халқаро жамоатчиликни Игор Савицкий сиймоси ва бадиий меросини асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш имконияти билан аҳамиятли.
Лойиҳа нима учун “Шакл ва рамз” дея номланди?
Шакл ҳақида гапираркан, масъуллар бир жиҳатга эътибор қаратган: 1921 йил Маориф халқ комиссарлиги Тасвирий санъат бўлими ҳузуридаги Москва музейлар бюроси томонидан Тошкент санъат музейига юборилган авангард коллекция Марказий Осиё ранг тасвири йўналишига сезиларли таъсир кўрсатган. Бу ерда мухлислар ХХ аср санъати жаҳон миқёсидаги ҳаракат сифатида шаклланишига таъсир кўрсатган Экстер, Кандинский, Клюн, Попова, Родченко, Розанова каби авангард рассомлар асарларини томоша қилиш имконига эга.
Кўргазмада “avant-garde orientalis” рассомларининг сара ишлари ҳам тақдим этилган. Миллий безакли амалий санъат ашёлари билан бойитилган кўргазма майдони чуқур маданий ва тарихий меросни ифода этади. Бу асарларнинг аксарияти Ўзбекистондан ташқарида таҳсил олган, илҳом манбаини эса айнан Марказий Осиёдан топган ўзбекистонлик, қозоғистонлик, россиялик ва арманистонлик мусаввирлар ўртасидаги узвий маданиятлар аро мулоқотни акс эттиради.
Маълумоти бўйича археолог, ўзи рассом ва суратларнинг ашаддий шайдоси Савицкий 1950-йиллар охиридан бошлаб Қорақалпоғистонда минглаб археологик топилма ва безакли амалий санъат буюмларини тўплаб, Ўзбекистон ва собиқ Совет Иттифоқига дахлдор минглаб ранг-тасвир ва графика асарлари билан “муштарак музей” тушунчасига ҳамоҳанг ёнма-ён жойлаштиради.
Кўргазмада архив фото суратлари ва мультимедиа қурилмаси ҳам намойиш этиляпти.
“Шакл ва рамз” лойиҳаси 17 апрелдан 29 сентябргача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, кеча – 16 апрель куни Флоренциядаги Уффици галереяси Питти саройида “Ўзбекистон: саҳродаги авангард” кўргазманинг “Нур ва ранг” қисми очилди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА
- Қўшилди: 18.04.2024
- Кўришлар: 1804
- Чоп этиш