Япон олимлари кексаликда кўпроқ учрайдиган бир касалликнинг олдини олиш усулини топишди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сайёрамизда ҳар 3 сонияда бир киши Альцгеймер касаллигига чалинар экан.

Альцгеймер – кўпроқ кекса ёшли инсонларда учрайдиган хасталик. Бунда аста-секин хотира сусайиши, бош мия фаолияти бузилиб, инсоннинг ақлий қобилият пасайиши кузатилади. Ҳозирда ер юзида 50 миллиондан ортиқ одам ушбу хасталикдан азият чекмоқда. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 65 миллион нафардан ошиши мумкинлиги қайд этилади.

Япон олимларининг ушбу касаллик юзасидан олиб борган изланишлари натижасида оддий нафас машқлари орқали унинг олдини олиш мумкинлигини аниқлади, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотида.

Тадқиқот учун 108 нафар кўнгилли жалб этилиб, улардан тегишли қон таҳлиллари олинган ва хасталик хавфини кўрсатувчи биомаркерлар текширилган. Кейин иштирокчилар икки гуруҳга ажратилиб, биринчи гуруҳ ҳар куни оддий нафас машқларини бажариб борган. Иккинчи гуруҳ эса ақлий фаолияти ва хотира бутунлигини сақлашга қаратилган медитация машғулотлари билан банд бўлган.  

Ўз навбатида, ҳафтада бир бор барча иштирокчилардан қон таҳлиллари олиниб, Альцгеймер биомаркерлари ҳисобланган амилоид -40 ва 42 даражалари текшириб борилган.

Тўрт ҳафтадан сўнг тадқиқотчилар ҳайратланарли натижага дуч келган. Биринчи гуруҳдаги нафас олиш машқлари билан шуғулланувчилар қонида бета-амилоид миқдори сезиларли даражада пасайгани аниқланиб, бу уларда Альцгеймер касаллиги ривожланиш хавфи камайганидан далолат беради.

Иккинчи гуруҳ натижалари эса хавотирли бўлган: 4 ҳафталик тажрибадан сўнг уларнинг қонида бета-амилоидлар даражаси ошган.  

Шунга асосланиб, япон олимлари кунига 10-15 дақиқа нафас олиш машқларини бажариш Альцгеймер ривожланишининг олдини олишда самарали усул, деган хулосага келди.  

 

А.Рустамов,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech