Японияда туғилиш рекорд даражада пасайди

Японияда туғилиш даражаси 2023 йилда рекорд даражада паст бўлиб, 1,21 га етган бўлиши мумкин. Кўрсаткич япон аёлининг умри давомида туғиши кутилаётган ўртача болалар сонини кўрсатади. Бу ҳақда “Дай-ити” суғурта компанияси иқтисодчиси Такуя Хошинонинг ҳисоб-китобларига таяниб, Nikkei Asia хабар берди. 

Иқтисодчи эълон қилган демографик пасайиш ҳукумат прогнозини ортда қолдиради. 2023 йилда Японияда 731 мингга яқин бола дунёга келган, дейди мутахассис. Миллий аҳолини тадқиқ қилиш институти эса 2023 йилда 739 минг бола туғилишини ва туғилишнинг умумий коэффициенти 1,23 ни ташкил этишини прогноз қилганди.

Японияда туғилиш даражасининг пасайиши кетма-кет саккизинчи йил давом этмоқда, дея қайд этади Nikkei Asia.

Оилаларда фарзандлар сонининг камайиши COVID-19 пандемияси даврида никоҳлар сонининг камайиши билан ҳам боғлиқ. Никоҳлар 2020 йилда 12 фоизга, 2021 йилда эса 5 фоизга камайди. Ўзгарувчан қадриятлар ва иқтисодий ноаниқлик ҳам бунга ҳисса қўшган.

2023 йил баҳорида Япония Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йилда мамлакатда болалар рекорд даражада кам туғилгани ҳақида хабар берганди. Янги туғилган чақалоқлар сони 799 728 тага қисқарган, бу 2021 йилга нисбатан 5,1 фоизга кам.

2022 йилда дунёга келган болалар сони туғилишлар қайд этила бошланган 1899 йилдан бери энг паст кўрсаткичга етди. Шу билан бирга, 2022 йилда Японияда вафот этганлар сони 8,9 фоизга ошиб, 1,58 миллион кишини ташкил қилди.

Daryo.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech