Европа Иттифоқи давлатлари Европарламентнинг бошпана бериш қоидаларини сезиларли даражада кучайтириш ҳақидаги қарорини тасдиқлади. У Европа Иттифоқига ноқонуний иммиграцияни чеклаб, Италия ва Греция юкини енгиллаштириши керак.
Тахминан ўн йиллик мунозаралардан сўнг, Европа Иттифоқи ниҳоят миграция қонунчилигининг кенг қамровли ислоҳотини маъқуллади. 14 май, сешанба куни ЕИ давлатлари Европарламент томонидан қабул қилинган умумий Европа қонунчилигини (Geas) сезиларли даражада қатъийлаштиришни назарда тутувчи ўнта регламент пакетини тасдиқловчи расмий қарор қабул қилди.
Янги қоидалар Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилганидан кейин кучга киради. Шунда Европа Иттифоқи давлатлари икки йил ичида миллий қонунчилигини мувофиқлаштиришга мажбур бўлади. Ислоҳот нисбатан хавфсиз мамлакатлардан келган мигрантлар учун қоидаларни қатъийлаштиради. У Европа Иттифоқига ноқонуний иммиграцияни чеклаши ҳамда ноқонуний миграциянинг асосий оқимини қабул қиладиган Италия, Греция ва бошқа мамлакатлар юкини енгиллаштириши керак.
Европарламент 10 апрел куни 2015 йилдаги миграция инқирозидан бери муҳокама қилинаётган ЕИда бошпана қонунчилигини ислоҳ этиш бўйича якуний қарорни қабул қилди. Қонунлар тўплами, жумладан, бошпана изловчилар учун ташқи чегараларда тартиб-қоидаларни тезлаштиришни назарда тутади. Европа Иттифоқида қолиш имконияти кам бўлганлар чегарада қабул қилинган қарорлар билан тезроқ депортация этилади.
Ислоҳотнинг таркибий қисмларидан бири бошпана изловчиларни Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида тақсимлаш бўйича бирдамлик механизмидир. Бу шуни англатадики, мигрантлар Европа Иттифоқига кирган биринчи мамлакатларда - Италия, Греция, Испания, Кипр, Малтада - бошпана изловчилар сони ҳаддан ташқари кўп бўлса, бошқа Европа Иттифоқи давлатлари бошпана изловчиларни квота тизими бўйича қабул қилишга мажбур бўлади. Агар бирон-бир давлат қочқинларни қабул қилишдан бош тортса, улар молиявий ёрдам кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, иммиграция оқими кескин ошган ҳолларда ҳаракат қилиш жараёни тартибга солинди.
Европа бошпана тақдим этиш масалалари бўйича агентлиги 2023 йилда тахминан 1,1 миллион аризани қайд этди, бу 2016 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Германияда бошпана изловчилардан 330 мингга яқин ариза топширилган.
Kun.uz
- Қўшилди: 16.05.2024
- Кўришлар: 1645
- Чоп этиш