Яқинда “eureporter” сайтида “Европа тикланиш ва тараққиёт банки: Ўзбекистонда бозор ислоҳотлари ўз самарасини бермоқда” номли мақола эълон қилинди.
Маълумки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистоннинг 2029 йилгача мўлжалланган устувор йўналишларни белгилаб берувчи янги стратегияни маъқуллади. Мақолада таъкидланишича, Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп давлати иқтисодий ислоҳот ортидан сезиларли фойда кўрган.
“Глобал пандемия ва Украинадаги можаро таъсирига қарамай, кучли иқтисодий ўсиш давом этмоқда”, деб ёзган сиёсий муҳаррир Ник Пауэлл.
“Ўзбекистоннинг 2017 йилдан буён эришган иқтисодий ютуқлари ЕТТБда алоҳида таассурот қолдирди, мамлакат қишлоқ хўжалигида ҳам, ишлаб чиқаришда ҳам жадал ривожланиб бораётгани кучли ва пухта ўйланган сиёсат туфайли” дейди муаллиф.
Ривожланаётган хусусий сектор ва айниқса, мамлакатнинг қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш йўлидаги саъй-ҳаракати юқори баҳоланган.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги стратегик ёндашуви уч устувор йўналишдаги фаолиятга асосланган:
Биринчиси – декарбонизацияни қўллаб-қувватлаш, сув тежамкорлиги ва тоза энергия;
Иккинчиси – хусусий секторни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, инклюзивлик ва рақамлаштириш форматини рағбатлантириш;
Учинчиси – иқтисодий бошқарув, бизнес муҳити ва инфратузилма алоқасини яхшилаш.
Ўзбекистон, тўртинчи йилдирки, Марказий Осиёда ЕТТБ маблағини ўзлаштираётган етакчи давлат ҳисобланади. Бугунги кунга қадар банк мамлакат бўйлаб 147 лойиҳага 4,28 миллиард еврога яқин сармоя киритди. Ташаббусларнинг аксарияти хусусий тадбиркорлик ва инвестицияни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Шунингдек, банк мамлакатимизда умумий қуввати қарийб 900 МВтга тенг учта қуёш электр станцияси қурилишини молиялаштирмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистонда 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш учун, насос станцияларини модернизация қилиш ва аҳоли зич жойлашган Фарғона водийсида суғоришга мўлжалланган сув таъминоти барқарорлигини яхшилаш мақсадида кредит ажратилди.
Самарқанд ЕТТБнинг “Яшил шаҳар” дастурига қўшилган илк шаҳримиздир ва айни пайт ушбу кентда экологик тоза электр автобуслари ишга тушиш арафасида.
Мақола сўнгида ЕТТБ Ўзбекистон савдони эркинлаштириш орқали қўшни давлатлар билан муносабатни сезиларли даражада яхшилаганини юқори баҳолаганига эътибор қаратилган.
Ўткир Aлимов, ЎзA
- Қўшилди: 01.02.2024
- Кўришлар: 2156
- Чоп этиш