Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ёшлар билан ишлаш борасида жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Агентлик ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодировнинг таъкидлашича, республикамиздаги 9 минг 452 та маҳаллада 8,3 миллион нафар “Ёшлар баланси”ни шакллантириш орқали уларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўргатиш, бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида агентлик томонидан давлат идораларининг 7 минг 965 нафар раҳбарига алоҳида ишлаш талаб этиладиган 122 минг 715 нафар ёшлар номма-ном бириктирилиб, бугунги кунда раҳбарлар томонидан ўзларига бириктирилган барча ёшлар билан учрашувлар ўтказилди. 67 минг 86 нафарининг турли ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳал этилди.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 17 минг 460 нафар ходимларига 4 миллион ёшлар оталиққа берилиб, уларнинг 178 минг 132 та ижтимоий ва маиший муаммолари ҳал этилди.
Республикамизнинг барча ҳудудларидан 14 та туманда “Уйчи тумани намунаси” асосида ишсиз ва норасмий банд бўлган ёшларнинг бандлигини таъминлаш намунали тарзда жорий этилиб, 62,9 минг ёшнинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, 150 минг 829 нафар ёшга деҳқончилик қилиши учун “маҳалла еттилиги” тавсияси билан 54,3 минг гектар унумдор ер майдонлари ажратилиб, 165,4 минг тонна маҳсулот етиштирилди ва 1 триллион 158 миллиард сўм даромад олинди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 85,6 минг ёшга 1 триллион 521 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиб, 128,4 мингта янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, 53,1 минг ёш касб-ҳунарга ўқитилиб, муносиб иш ўринлари билан таъминланди.
Жорий йилда “Ёшлар дафтари”га киритилган 175 минг 573 нафар ёшдан 134 минг 890 нафарига амалий кўмаклар кўрсатиш мақсадида “Ёшлар дафтари” жамғармасидан 230 миллиард сўм миқдордаги маблағ йўналтирилди.
Янги тажриба асосида ватанпарварлик оромгоҳлари, “Жасорат” мактаблари, ҳарбий хизматга жалб этиш бўйича ёшлар етакчилари томонидан 114 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, 4 млн. ёшлар қамраб олинди.
Натижада, 1 минг 814 та маҳалла “ёшлар ишсизлигидан ҳоли ҳудуд”га айланди ва 4 минг 24 та маҳаллада ёшлар томонидан умуман жиноят содир этилмади.
Ёшларни хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш орқали ʼʼИбрат фарзандлариʼʼ лойиҳаси доирасида 1,4 миллиондан ортиқ ёшлар 23 та хорижий тилни, ʼʼUstoz AI” лойиҳаси доирасида 83,1 минг нафар ёш 40 га яқин замонавий касбларни онлайн ўрганмоқда. Хорижий тиллар бўйича халқаро имтиҳон тизимларидан C1 даражасидаги сертификатга эга бўлган 35,2 минг нафар ёшга 64,4 миллиард сўм, шундан, жорий йилда 12,3 минг нафар ёшга 24 миллиард сўм имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилди.
Шунингдек, юқори даромадли фаолиятга жалб этиш мақсадида “Келажак касблари” лойиҳасида 18,6 минг ёшнинг ўқув марказлардаги 53,3 миллиард сўмлик курс харажатлари тўлаб берилди.
Германияда дуал таълим дастури доирасида 8 мингга яқин ёш немис тили курсларида ўқитилиб, 512 нафари Германияга касбий таълим олиш ва ишлаш учун юборилди.
Ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн, ҳуқуқ ва замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” лойиҳаси йўлга қўйилиб, қизларнинг шахсий ва касбий ривожланиши бўйича 220 та қўлланма тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар орқали 300 минг ёш қизлар қамраб олинди.
“Беш ташаббус олимпиадаси”ни йил давомида ўтказиш амалиёти жорий этилиб, 5 босқичда “Бўзатов – ёшлар овози”, ёш мусаввирлар, мушоира танловлари, заковат, енгил атлетика, стол тенниси, стрит воркаут, шахмат-шашка, футбол мусобақалари ўтказилди. Уларда жами 8,3 миллион ёшлар иштироки таъминланди.
Китобхонликни ривожлантириш мақсадида “Ёш китобхон” танлови орқали 805 мингдан ортиқ, “Мутолаа” лойиҳаси орқали 959 минг 905 нафардан ортиқ ёшлар қамраб олиниб, лойиҳа доирасида 1 минг 414 та аудио ва 1 минг 623 та электрон китоб яратилди.
Президентимиз томонидан халқаро тадбирларда билдирилган таклиф ва ташаббусларнинг ижросини юқори савияда таъминлаш мақсадида 26-30 июнь кунлари илк маротаба “Бутунжаҳон ёшлар фестивали” ўтказилди.
Икки томонлама ҳамкорлик юзасидан ўтказилган учрашувларда 10 га яқин келишувларга эришилди.
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан йил якунига қадар бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА
- Қўшилди: 11.10.2024
- Кўришлар: 889
- Чоп этиш