Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида манзилли чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Зеро, ушбу масалага комплекс ёндашган ҳолда ҳуқуқбузарликларнинг тизимли равишда содир этилиши сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича амалий ишларнинг йўлга қўйилиши жуда муҳим.
Бу “Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги қонунда назарда тутилмоқда.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлисида шу ҳақда сўз юритилди.
Қонун билан Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноий қилмишни жиноий жазо таркибидан чиқариб, уни маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказиш, ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доирасини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётгани қайд этилди.
Ярашув институти доирасининг кенгайтирилиши инсон ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга, мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарадорлиги ошишига ҳамда жиноий жазоларнинг айрим турларини янада либераллаштиришга хизмат қилади.
Мажлисда “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама этилди.
Қонун билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ваколатларига аниқлик киритиш назарда тутилмоқда. Шу тариқа вазирликнинг шаҳарсозлик сиёсатини мувофиқлаштиришдаги роли кучайтирилади. Шаҳарлар ва аҳоли пунктларини ривожлантиришни самарали бошқаришга замин яратилади.
Қонунда шаҳарсозлик ривожланишининг ягона концепциясини яратиш, алоҳида шаҳарлар ва туманлар бўйича ривожланиш режаларини мувофиқлаштиришни таъминлаш имконини бериш, шунингдек, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узоқ муддатли прогнозларини ҳам ҳисобга олиш назарда тутилган.
Муҳокама давомида сенаторлар томонидан ушбу қонун Ўзбекистонда янада самарали ва шаффоф шаҳарсозлик тизими яратилиши, замонавий ҳудудлар барпо этилишига хизмат қилиши қайд этилди.
Қонунлар юзасидан иштирокчилар фикр-мулоҳазалар билдирди ва якунда қўмита қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 23.05.2024
- Кўришлар: 1472
- Чоп этиш