Брюсселда 11 февраль – Илм-фанда хотин-қизлар иштироки халқаро куни муносабати билан шу мавзудаги халқаро анжуман видеоконференция тарзида ташкил этилди.
Анжуман ташкилотчиларидан бири – Бельгиянинг “Modern Education & Research Institute” (MERI) таълим институти директори Екатерина Царанок таклифига кўра, ушбу тадбирда академик Акмал Саидов онлайн иштирок этди ва маъруза қилди. Мазкур маъруза матни мақола шаклида тақдим этилмоқда.
Ҳар йили 11 февралда илм-фан соҳасида хотин-қизларнинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган халқаро тадбирлар ўтказилиши замирида муайян рамзий маъно бор. Гап шундаки, БМТ Бош Ассамблeяси томонидан қабул қилинган Тараққиёт мақсадлари йўлида фан, тeхника ва инновациялар тўғрисидаги рeзолюцияда 11 фeвраль – Илм-фанда хотин-қизлар иштироки халқаро куни, деб эълон қилинган.
2015 йилда мазкур янги халқаро сананинг белгиланиши Барқарор ривожланиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган кун тартибини амалга оширишдаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Бугунги кунда барқарор ривожланишга эришишда илм-фан ва гендер тенглиги улкан аҳамиятга эгадир.
Ўтган даврда жаҳон ҳамжамияти хотин-қизларни илм-фанга жалб этиш борасида сезиларли ютуқларга эришди. Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, ҳаётнинг барча жабҳаларида аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш айни вақтда Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланганини таъкидлаш лозим.
Мамлакатимизда хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, уларнинг дастурий ишланмалари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги беш йилнинг ўзида хотин-қизларнинг ҳуқуқий мавқеини юксалтириш, оила институтини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб қонунлар, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди ҳамда амалда изчил татбиқ этилмоқда.
Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Ушбу қонунлар хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасалари, бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ҳамда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш, жинси бўйича камситилишининг ва тенгсизлигининг олдини олиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Бундан ташқари "Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Меҳнат кодексига хотин-қизларни ҳар қандай камситиш ва таъқиблардан ҳимоя қилишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилди.
Ўзбекистонда қисқа вақт ичида хотин-қизларнинг ҳукумат ва жамиятдаги ролини оширишга, уларнинг бандлигини таъминлашга, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ва муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бу билан хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг тегишли механизмлари яратилди.
Ҳар қандай жамиятнинг маданий даражаси аёлга бўлган муносабати билан белгиланади. Мамлакатимизда фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш бўйича жадал иш олиб борилмоқда. Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида қайд этганидек, "Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди".
Ҳақиқатан ҳам, Олий Мажлисга бўлиб ўтган охирги сайловлар натижасида биринчи маротаба Ўзбекистон парламентида аёллар сони бўйича БМТ тавсиялари (камида 30 фоиз) тўлиқ бажарилди. Қонунчилик палатасига 32 фоиз, яъни 48 нафар аёл-депутатлар сайлангани, ўз навбатида, дунёдаги 190 парламент ичида Ўзбекистон парламентининг 37-ўринга кўтарилишини таъминлади.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида Олий Мажлис Сенатида хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Сенати раиси бошчилигида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тузилди. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш мақсадида Ўзбекистонда биринчи марта аёл киши парламент юқори палатаси раиси этиб сайланди.
Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқланди. Яна бир муҳим натижа: Юртбошимиз парламентга тақдим этган Мурожаатномаси ижроси доирасида Сенат Раиси раҳбарлигида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.
Биргина шу далил ва рақамларнинг ўзи ҳам юртимиз аёлларининг жамиятда ҳақиқий ўрнини эгаллаб бораётганидан далолат беради. Бинобарин, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш Ўзбекистон Президенти олиб бораётган адолатли сиёсатнинг устувор йўналишларидандир.
Давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги чиқишида мамлакатимизда гендер сиёсати қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас.
2021 йилда Ўзбекистонда 2030 йилгача мўлжалланган Гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Гендер стратегиясида БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ҳолда барча соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга ҳамда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.
Мазкур Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимни таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган. БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари бажарилишини аниқлашга қаратилган 32 та гендер индикаторини қабул қилганимиз ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 29 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш маркази ташкил этилди. Ҳукуматнинг қарори билан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордерини бериш тартиби ишга туширилди.
Шунингдек, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолияти ташкил этилди. Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Айни чоғда, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада кучайтиришга алоҳида урғу берилмоқда.
Энг асосийси, кейинги даврда “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, олий ўқув юрти таҳсилидан кейинги таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган ҳуқуқий-ташкилий чоралар кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Миллий қонунчиликда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, олий таълим тизими муассасалари, шунингдек бўйсунувида илмий ташкилотлар бўлган вазирлик, идоралар ҳамда ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилди.
Илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги шу каби ҳал қилувчи ислоҳотлар, янада аниқ қилиб айтганда, илмий кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш борасида эришилган амалий самаралар мамлакатимиз тараққиётини таъминлашда, хусусан, хотин-қизларни илм-фан соҳасига янада кенг жалб этишда улкан омил бўлмоқда.
Натижада бугунги кунда Фанлар академияси тизимида ишлаётган 4 минг 760 нафар хизматчининг 40 фозини, яъни 1 минг 905 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Юртимизда илмий изланишлар билан машғул 2 минг 146 нафар тадқиқотчидан 695 нафари ҳам аёллардир.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон хотин-қизларининг 7 нафари – академик, 271 нафари – фан доктори (DSc), 1 минг 411 нафари фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси соҳибалари ҳисобланади.
Ўзбек олималари кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда айниқса фаол изланмоқдалар. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва гуманитар соҳалар ривожида хотин-қизларимизнинг иштироки салмоқли ўрин тутади.
Аммо, табиий фанлар, математика, инжиниринг, технология, саноат ва қурилиш соҳаларида нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда аёлларнинг ўрни ҳамда мавқеи анча қуйида эканидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бинобарин, Нобель мукофоти тарихида илм-фан соҳасида ушбу мукофотга сазовор бўлган хотин-қизлар сони атиги 3 фоизни ташкил этишининг ўзиёқ буни очиқ-равшан тасдиқлайди.
Ўз навбатида, олий ўқув юрти таҳсилидан кейинги таълимни мувофиқлаштириш ягона электрон тизимида 2020-2021 йилларда рўйхатдан ўтган ва илмий-тадқиқот билан шуғулланаётган ўзбекистонлик хотин-қизлар сони 2 минг 456 нафарни ташкил этмоқда. Шундан 1 минг 185 нафари – докторантура негизида илмий тадқиқот олиб бораётган бўлса, 80 нафари докторантурада таҳсил олмоқда ва 964 нафари мустақил изланувчилар (PhD) қаторига киради.
Шу билан бирга, мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим олаётган 440 минг 959 нафар талабанинг 45,9 фози хотин-қизлардан иборат. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди. Мазкур янги тизим асосида 2020 йилда 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз ўқишга қабул қилинди.
2021 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг 2 минг нафари учун махсус стипендиялар ажратиш йўлга қўйилди. Барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти ташкил этилди.
Хулоса қилиб айтганда, атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний: “Қизлар ҳаммадан кўра билим олишга интилиши керак, чунки бу билим билан келажак авлодни тарбиялайди”, деб уқтиргани бежиз эмас. Аслида ҳам, ҳар қандай ривожланган жамиятда тараққиёт ва цивилизация даражаси аёлга бўлган муносабат, хотин-қизларга яратилган имкониятлар кўлами ҳамда миқёси билан белгиланади.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
- Қўшилди: 11.02.2022
- Кўришлар:
- Чоп этиш