ИЛМ УЛУҒЛАЙДИ АЁЛНИ

11 февраль – Илм-фанда хотин-қизлар иштироки халқаро куни. Дунёнинг деярли барча мамлакатларида нишонланадиган ушбу сана аёлларнинг илмий-технологик ҳамжамиятда муҳим роль ўйнашини, илм-фанда уларнинг иштирокини кенгайтириш заруратини эслатиб туради.

Мазкур халқаро санани кенг нишонлаш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2015 йил 22 декабрдаги резолюциясида қайд этилган. Ушбу резолюция хотин-қизларнинг илм-фан билан тўла ва тенг ҳуқуқли тарзда шуғулланишига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш мақсадида қабул қилинган.

БМТ резолюцияси барча мамлакатларни аёлларнинг илмий фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш, илм-фан, техника ва инновация соҳаларида гендер номутаносиблик сабабларини аниқлаш, хотин-қизларни илмий муҳитга жалб этиш бўйича дастурий тадбирларни амалга оширишга чақиради.

         Илм-фанда янги уфқларни кашф этиш инсоннинг ёши, ирқи, тили, миллати ва жинсига асло боғлиқ эмас. Инсоният бу ҳақиқатни анча олдин англаб етган.

Масалан, бундан икки аср муқаддам Стендал тахаллуси билан машҳур бўлган Анри Бейль гендер тенглик нафақат адолат ва қадр-қиммат ҳурмат қилиниши учун, балки илм-фан ва инсон билимини ривожлантириш учун ҳам нақадар зарурлигини таъкидлаган.

XIX асрдан буён бу борада сезиларли ютуқларга эришилди. Аммо, афсуски, бугунги кунда ҳам гендер тенгсизликнинг турли кўринишлари мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Фан ва гендер тенглик 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартибида баён этилган тараққиёт мақсадларига эришишнинг ажралмас унсурлари ҳисобланади. Бинобарин, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларидан бири – гендер  тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, давлат бошқаруви тизимида аёллар иштирокини таъминлашдан иборат.

 Барқарор ривожланиш мақсадлари асосида жаҳон ҳамжамияти хотин-қизларни илм-фанга жалб этишда сезиларли ютуқларга эришди. Шунга қарамай, аёллар ҳали ҳам айни жабҳада чекловларга дуч келмоқда.

ЮНЕСКО Статистика институти тадқиқотларига кўра, қизлар математика фани бўйича ўғил болалар каби ижобий ютуқларга эришган бўлса-да, бу соҳа олимларининг фақат 30 фоизини аёллар ташкил этар экан.

Аёллар фарзанд кўргач, илмий фаолиятини чеклаши ёки тўхтатиши эҳтимоли кўпроқ кузатилади. Бунда баъзи муассасалар узоқ вақт давомида самарали фаолият билан шуғулланмагани учун ўз ходимларини жаримага тортиб, уларнинг рейтингини пасайтириши айнан хотин-қизлар манфаатларига дахл қилиши одатий ҳолга айлангани чинарлидир.

Яқинда Британия университети бу масалани ўрганиб чиқди. Ушбу жараёнда мамлакатда жаримага тортилган олимларнинг барчаси ёш болали оналар экани аниқланди.

Интеллектуал ва ижодий салоҳиятга эга аёллар эркин илмий-ижодий фаолият юрита олмаса, гендер тенгсизлик қурбони бўлган ҳисобланади.

ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле таъкидлаганидек, "Бутун тарих давомида ва шу кунгача аёллар кўплаб бошқа соҳалар каби илм-фанда ҳам унутилганлар. Бу ҳолат аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенгсизликнинг бардавомлигига олиб келади. ЮНЕСКО бутун занжир бўйлаб, яъни таълимдан илм-фанда аёлларнинг коллектив вакиллигигача ишлаш орқали бу муҳим муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилади. Биринчи навбатда, қизлар ва аёлларга алоҳида урғу берган ҳолда барча имкониятларнинг асоси сифатида таълим ҳамда бизнинг таълим тизимларимиздаги тенгсизликка қарши тезкор курашга эътибор қаратилади".

Шунинг учун ЮНЕСКО фаол олималарни ЮНЕСКОнинг Л'Ореаль – “Илм-фанда аёллар” мукофоти билан тақдирлаш орқали уларни қўллаб-қувватлайди. Ушбу мукофот ҳар йили илм-фан соҳасида сезиларли муваффақиятларга эришган беш нафар таниқли олимага берилади.

Мукофот ғолиблари дунёнинг барча йирик минтақаларидан танлаб олинади. Улар табиий фанлар, математика ва ахборот технологиялари фанлари соҳасидаги улкан тадқиқотлари учун мукофотланади. Ушбу мукофотнинг навбатдаги ғолиблари 2021 йил 11 февралда Франция пойтахти Париж шаҳрида тақдирланди.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, дунё бўйича ахборот ва телекоммуникация соҳасида 3 фоиз, табиий фанлар ва математика соҳасида 5 фоиз мутахассислар аёллардан иборат.

Мамлакатимизда, айниқса, сўнгги йилларда ушбу йўналишда салмоқли ислоҳотлар амалга оширилиб, хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини кучайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Натижада бугунги кунда аёллар жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида тобора етакчи ўринларни эгаллаб, таълим, маданият ва илм-фан ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, яқинда давлатимиз раҳбари тасдиқлаган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 69-мақсади айнан “Хотин-қизларни  қўллаб-қувватлаш, уларнинг  жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш”, деб номланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур мақсад доирасида, жумладан:

  • жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка  нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
  • гендер тенгликни  таъминлаш  сиёсатини  давом  эттириш,  хотин-қизларнинг  ижтимоий-сиёсий  фаоллигини  ошириш,  уларни  қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга ошириш;
  • хотин-қизларнинг таълим  ва  касбий  кўникмалар  олишлари,  муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш,  иқтидорли  ёш  хотин-қизларни  аниқлаш  ва  уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш каби бир қатор муҳим вазифалар белгиланган.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илм-фан ва таълимни ривожлантириш соҳасини, ёшларимизни чуқур билим, юксак маданият ва маънавиятга эга инсонлар этиб тарбиялаш борасида бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш ва янги замонавий босқичга олиб чиқиш кераклигини таъкидлагани бежиз эмас.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий кадрлар тайёрлаш тизимининг ривожланиши бу борада муҳим омилига айланди. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Шунингдек, “Фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда илмий ижод ва ахборот эркинлиги, самарадорлик ва ижодий рақобат – фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий тамойилларидан бири сифатида белгиланди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2020 йилда эълон қилинган “Олима аёллар грантлари” амалий ва инновацион лойиҳалар танловига ҳозирга қадар хотин-қизлар томонидан умумий қиймати 1,7 трлн сўм бўлган жами 111 та илмий лойиҳа тақдим этилди. Дастлабки техник экспертиза натижаларига кўра, 40 та лойиҳага ижобий хулоса берилган ҳамда умумий ҳажми 10 млрд 450 млн сўмлик 9 та лойиҳа молиялаштирилган.

Республика илмий ва ўқув муассасаларида 700 нафардан ортиқ аёл фан доктори ҳамда 6 нафар академик аёл фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги илмий институтларда уч мингга яқин хотин-қиз илмий-тадқиқот фаолиятини самарали олиб бормоқда.

Ўзбек олималари кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда ўз билим ҳамда қобилиятларини намоён этмооқда. Уларнинг интеллектуал ишлари хорижий илмий марказлар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 29 октябрдаги Фармони билан 2030 йилгача фанни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Таъкидлаш жоизки, мазкур Фармон иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни жадал ривожлантириш, илмий, интеллектуал ва молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этиш билан илмий ва инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, келажакда илм-фанни узлуксиз ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини аниқлаш, ўз-ўзини ўйлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашишга хизмат қилади.

Илм-фанда эришилган муваффақиятлар инсониятнинг умумий мулки ҳисобланади. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, “Барқарор ривожланиш кун тартибининг асосий вазифалари – соғлиқни сақлашни яхшилашдан тортиб, иқлим ўзгаришига қарши курашишгача бўлган айрим вазифаларни ҳал этиш барчанинг истеъдодидан фойдаланишга таянади”.

Мухтасар айтганда, илмий фаолиятга хотин-қизларни кўпроқ жалб этиш лозим. Тадқиқот фаолиятидаги гендер хилма-хиллик истеъдодли тадқиқотчилар доирасини кенгайтиради, бу соҳада янги истиқбол ва ижодкорликни таъминлайди.

 

Комила ОЛИМОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech