Sayt xaritasi 00:00:00

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»нинг 2026 йил 1 ярим йиллик  ҳолати ижроси юзасидан МАЪЛУМОТ

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларнинг 2026 йил 1 ярим йиллик ҳолати амалга оширилиши юзасидан мониторинг натижаларига кўра қуйидагилар маълум қилинади:

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 78 бандидан 69 банди (88 %) тўлиқ бажарилди, 2 банд (3 %) назоратдан ечилди, 7 бандни (9 %) амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.

2. 2026 йил 1 ярим йиллиги давомида  Миллий стратегия доирасида

4 та  қонун, 8 та Президент фармон ва қарорлари ҳамда 4 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.

 3. “Йўл харитаси”нинг 4-банди ҳамда Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ижросини таъминлаш доирасида 2026 йил давомида давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилди.

Жумладан, 2026 йил 1 ярим йиллигида  Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент шаҳри

 (27–28 февраль), Тошкент (12–13 март), Хоразм (13–14 апрель) Бухоро

(16–17 апрель) вилоятларида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги онлайн ва офлайн форматдаги махсус ўқув курслари ўтказилди. Ушбу ўқув курсларида ҳар бир ҳудуддан судьялар, ички ишлар, прокуратура тизимидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 268 нафар ходимлари иштирок этди.

Шу билан бир қаторда, юқорида қайд этилган йўналишдаги ишлар давомида, 2026 йил 15 июнь – 31 июль кунлари оралиғида республиканинг барча ҳудудларида ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари учун “Инсон ҳуқуқлари: халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусидаги семинар-тренинг машғулотлари ташкил этилди. Мазкур машғулотларда республиканинг барча 14 та ҳудудидан жами 5255 нафар профилактика инспектори иштирок этиб, улардан тест синовларидан муваффақиятли ўтганларига Миллий марказнинг сертификатлари, юқори натижа кўрсатган  221 нафарига эса Фахрий ёрлиқлари топширилди.

Шунингдек, ушбу банд ижроси юзасидан қуйидаги тадбирлар ташкил этилди:

2026 йил 21-22 апрель кунлари Термиз шаҳрида ҳамда 24-25 апрель кунлари  Фарғона шаҳрида  “Истанбул протоколига мувофиқ қийноқ ва шафқатсиз муомалани суд-тиббий ҳужжатлаштириш” мавзусида тренинг бўлиб ўтди.

Мазкур тренингларда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тиббиёт мутахассислари ҳамда Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази суд-тиббий экспертларидан иборат жами 45 нафар мутахассис иштирок этди.

Тренингларда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонунчилигининг ўзига хос хусусиятлари, айниқса қийноқларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар халқаро ва миллий миқёсда қийноқларнинг олдини олишга қаратилган турли механизмлар ҳақида маълумот олдилар. Қийноқлар ва шафқатсиз муносабатни ҳужжатлаштириш усуллари ва воситалари, жумладан, жабрланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва психологик қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

4. “Йўл харитаси”нинг 6-бандини амалга ошириш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, ахборот тарқатиш, ҳуқуқий маданиятни оширишда ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — «Инсон ҳуқуқлари уйи» муҳим платформа вазифасини бажармоқда.

Хусусан, Миллий марказнинг 2026 йил 1 ярим йиллигида «Инсон ҳуқуқлари уйи»да ҳозирги кунга қадар жами 16 та турли мавзулардаги тадбирлар ўтказилди.

Ушбу тадбирлардан 4 таси китоб тақдим этиш маросими, 8 таси инсон ҳуқуқларига оид ўқув машғулотлари, 4 таси эса турли мавзуларга оид давра суҳбатлари, ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими ва хорижий делегациялар билан учрашувлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказлари, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларини аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва соҳавий ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ҳозирги кунга қадар жами 111 номдаги 784 нусха адабиёт беғараз асосда фойдаланиш учун тақдим этилди.

5. “Йўл харитаси”нинг 24-банди ижросини таъминлаш доирасида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Олий Мажлис палаталари аъзоларининг БМТнинг шартномавий органлари фаолиятидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, 2026 йил 11 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида «БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмларида парламент иштирокини кенгайтириш: индивидуал мурожаатлар тақдим этиш тартиб-таомилларини ўз ичига олган факультатив протоколларни ратификация қилиш» мавзусида семинар ташкил этилди. Тадбир Олий Мажлис аъзолари учун махсус форматда, Миллий марказ томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, унинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси, Парламентлараро Иттифоқ ҳамда Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси билан ҳамкорликда гибрид шаклда ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Миллий марказ вакиллари, БМТ тизими, Парламентлараро Иттифоқ ва Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси экспертлари иштирок этди.

Семинар давомида парламент аъзоларининг БМТ инсон ҳуқуқлари тизимида қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ўрни тўғрисидаги билимларини чуқурлаштириш, БМТ халқаро шартномаларига доир факультатив протоколлар ва уларда назарда тутилган индивидуал мурожаатлар тартиб-таомиллари билан таништириш, шунингдек мазкур факультатив протоколларнинг эҳтимолий ратификацияси Ўзбекистон учун қандай ҳуқуқий, институционал ва амалий аҳамиятга эга бўлишини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, шартномавий қўмиталарда миллий маърузаларни кўриб чиқиш жараёнида Олий Мажлис аъзоларининг бевосита иштироки таъминланди. Жумладан, 2026 йил 11 март куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиянинг 70-сессияси (CSW70) вазирлар сегменти доирасида ташкил этилган «Барча хотин-қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш ва мустаҳкамлаш» мавзусидаги юқори даражадаги давра суҳбатида Ўзбекистон делегацияси таркибида Олий Мажлис Сенати аъзолари иштирок этди.

Шунингдек, 2026 йил 21–22 апрель кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Ирқий камситишни тугатиш қўмитасининг 117-сессиясида Ўзбекистоннинг Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича тайёрланган даврий маърузаси муҳокама қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори ўринбосари Д. Муратова бошчилигидаги делегация таркибига Олий Мажлис Сенати вакиллари, шунингдек Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари киритилди. Мажлис якунида Қўмита томонидан берилган таклиф ва тавсиялар мамлакатимизда ирқий камситишнинг олдини олиш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва тенглик тамойилларини ривожлантириш бўйича кейинги ислоҳотлар учун муҳим йўналиш сифатида баҳоланмоқда.

6. Йўл харитаси”нинг 71-бандини амалга ошириш доирасида  Миллий марказ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва тузилмалари билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликни давом эттирди. Марказ раҳбарияти ва ходимлари БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси (Женева), БМТ Ирқий камситишни тугатиш қўмитаси (Женева), Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссия (Нью-Йорк), МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси (Минск) сессияларида, шунингдек Лиссабон, Боку, Санкт-Петербург, Екатеринбург ва Пекинда ўтказилган йирик халқаро форум ва анжуманларда иштирок этди. Тошкентда «Хитой – Марказий Осиё – 2026» инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми ўтказилиб, унда Хитой Жамғармаси билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, Human Rights Watch, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, БМТ Қочоқлар ишлари бошқармаси вакиллари ва бошқа хорижий делегациялар билан бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Умуман, мазкур давр мобайнида Миллий марказ ходимлари томонидан АҚШ, Португалия, Швейцария, Хитой, Россия ва Озарбайжонга жами 9 та амалий ташриф амалга оширилди ҳамда хорижий дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар ва ҳамкор институтлар билан 11 та учрашув ўтказилди.

Миллий марказнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган изчил ва мақсадли стратегиясини акс эттиради. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур жараёнда нафақат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг шартномавий органлари билан ҳамкорлик, балки минтақавий (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Марказий Осиё) ҳамда икки томонлама форматдаги ҳамкорликка эътибор қаратилмоқда. Эришилган ушбу натижалар келгусида мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини янада самарали бажаришига, шунингдек инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро миқёсдаги нуфузи ва обрў-эътиборини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мустаҳкам замин яратади.