10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни

“Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир”.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаган ушбу фикрларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлиб ўтган давра суҳбатида яна бир бор алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан ташкил этилди. Марказ директори Акмал Саидов ушбу халқаро сананинг тарихи ва аҳамияти, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормалари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларига тўла мос келиши ҳақида тўхталди.

Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши муҳрлаб қўйилгани бежиз эмас. Ўзбекистон Президенти ушбу конституциявий нормани тўла амалга ошириш учун давлатнинг сиёсий хоҳиш-иродаси ва зарур ресурслари мавжуд эканига эътибор қаратар экан, бу борадаги устувор вазифаларни белгилаб берди.

Хусусан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш учун миллий стратегиямиз бўлиши лозим. Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг қабул қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этади.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни, Президентимиз таъкидлаганидек, “фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантиришимиз лозим”. Ушбу соҳадаги ислоҳотлардан кўзланган мақсадга эришиш учун, бир томондан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмлари самарадорлигини ошириш талаб этилса, иккинчи томондан, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига ишончини мустаҳкамлаш жуда муҳимдир.

Давлат раҳбари адвокатура институтини такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлашни янги босқичга кўтариш зарурлигига эътибор қаратгани бежиз эмас. Ўзбекистонда адвокатлар сонини ошириш ва ёш ҳуқуқшуносларни ушбу касбга қизиқтириш учун тарғибот ишларини кучайтириш бугунги давр талабидир.

Айни чоғда, виждон эркинлиги, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик, мамлакатимизда ва хорижда фуқароларимизни кафолатли ҳимоя қилиш бундан буён ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳуқуқий тенгликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил давом эттириш даркор.

Бундан ташқари фуқароларнинг Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ва доимо давлат ҳимоясида бўлишини таъминлаш талаб этилади. Мулк ҳуқуқининг кафолатларини кучайтириш мақсадида ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишда давлат ва жамоатчилик эҳтиёжи тушунчаларига аниқ таърифлар бериш мақсадга мувофиқдир.

Давра суҳбатида ана шу устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган таклифлар билдирилди ва муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Бошқармаси, ЕХҲТ каби халқаро ҳамкорлар ташаббуси билан чоп этилган инсон ҳуқуқларига доир адабиётлар ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган олий ўқув юртларига тақдим этилди.

Китоблар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Ҳарбий-техник институти ва  Юристлар малакасини ошириш марказига топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech