Барчамизга маълумки, бугун дунёда экологик муаммолар кун сайин кескинлашиб бормоқда. Турли экологик масалалар инсоният олдида кўндаланг бўлиб турибдики, уларни бартараф этиш, экологик хавфларни юмшатиш долзарб ҳисобланади.
Бунда, аввало, инсонларнинг экологик билимини ошириш энг мақбул ечимлардан биридир. Инсониятнинг ўсиб бораётган эхтиёжлари ва сайёрамизда камайиб кетаётган имкониятлар ўртасидаги мувозанатни ушлаб туриш, табиатни муҳофаза қилиш учун ҳар биримиз экологик билимларга эга бўлмоғимиз зарур. Экологик таълим ва билим табиат муҳофазасидаги муаммоларнинг ечими сифатида халқаро даражада тан олинган.
Шу боис ҳам ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида Экологик билимлар куни кенг нишонланади. Бу кунни 1992 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган БМТ конференциясида атроф-муҳит муаммолари муҳокамаси чоғида инсониятнинг ҳаёти ва барқарорлиги учун бутун дунё аҳолиси ўртасида экологик билимни тарғиб этиш мақсадида нишонлаш таклиф этилган.
Ушбу сананинг асосий мақсади сайёрамиз аҳолисининг экологик билимини бойитиш ғоясини илгари суриш, аҳолида экологик маданиятни ривожлантириш, жамиятнинг экологик хавфсизлиги ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ҳамда ҳар бир фуқарони табиатга ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашни тарғиб этишдан иборат.
Мамлакатимизда ҳам экологик таълим-тарбия таълим муассасаларининг асосий йўналишларидан бири хисобланади. Зеро, сайёрамиз келажаги, юртимиз экологик ҳолати ўсиб келаётган авлоднинг экологик маданиятига боғлиқ экан, бу борадаги билимларни болаликданоқ бойитиб бориш муҳим. Яшаб турган жойининг экологиясини яхшилаш ҳар бир инсоннинг вазифасидир.
Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари томонидан ҳам таълим масканларида, ташкилот ва муассасаларда турли тадбирлар ўтказилади. Экологик маданият, экологик билимлар атроф-муҳит табиийлигини сақлаш ҳамда келажак авлод соғлиғини сақлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 15.04.2024
- Кўришлар: 3715
- Чоп этиш