2 минг 711 нафар зўравонликдан жабрланган шахс вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилган

Хотин-қизларни, болаларни зўравонликдан асраш бугунги жамият олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Кейинги йилларда мамлакатимизда оила ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатлари, аёлларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш тизими анча кучайтирилди. Лекин афсуски, зўравонлик ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

Мавжуд муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, мазкур Марказлар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш, оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга кўмаклашиш ва бошқа кўплаб мақсадларни ўз ичига олади.  

Хўш, 2024 йил Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари томонидан қандай амалий ишлар бажарилди?  

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра,  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари томонидан вақтинчалик бошпаналарга жами 2 минг 711 нафар зўравонликдан жабрланган шахс жойлаштирилган. Улардан 1 минг 257 нафари аёллар, 1 минг 454 нафари уларнинг вояга етмаган фарзандларидир.  

Марказлар томонидан 1 минг 434 нафар шахсга психологик ёрдам кўрсатилган, 76 нафар кишининг бандлигини таъминлашда кўмаклашилган. “Аёлларга илм бериш — жамиятни илмли, маърифатли ва салоҳиятли қилиш” деган мезон ҳаётимизга чуқур сингиб бормоқда. Билим оламан, касб-ҳунар эгаллайман, илм-фан билан шуғулланаман деган хотин-қизлар учун имкониятлар эшиги очиқ. Айниқса, зўравонлик ва тазйиқдан жабр чеккан хотин-қизларнинг илм олиши устувор вазифа сифатида белгиланган. Ўтган йил давомида 185 нафар хотин- қиз касб-ҳунарга йўналтирилган. 1 минг 198 кишига  юридик хизматлар кўрсатилган. 39 ҳолатда суд ва бошқа идораларда вакиллик билан қатнашилган.  

30 нафар шахсга жарроҳлик йўли билан даволанишида кўмак кўрсатилган. Яна 27 нафар киши ижтимоий уй-жой билан таъминланган. 139 нафар вояга етмаган болалар вақтинчалик мактабларга жойлаштирилган. Яна 95 нафар бола мактабгача таълим муассасаларига жойлаштирилган.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бир қанча хизматни қамраб олган ижтимоий ҳимоя тизими орқали меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларига ҳам кўмаклашиб келинмоқда. Айниқса, ижтимоий ёрдамни адолатли, аниқ манзилли ҳамда шаффоф тарзда ташкил этишда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби янги ва ўзига хос механизмнинг йўлга қўйилиши муаммоли  масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилмоқда.  

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech