Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сайёрамиз аҳолиси ўртасида кекса ёшли кишилар улуши билан боғлиқ таҳлилий маълумотларни эълон қилди.
Унда қайд этилишича, дунёда одамларнинг ўртача умр кўриш кўрсаткичи йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, 2030 йилга келиб, 60 ва ундан катта ёшли одамлар Ер юзи аҳолисининг олтидан бир қисмини ташкил қилиши кутиляпти.
Масалан, 2020 йилда улар сони 1 миллиард нафардан иборат эди. 2030 йилда бу кўрсаткич 1,4 миллиард кишига етиши прогноз қилинган.
2050 йилгача эса 60 ва ундан катта ёшдаги аҳоли миқдори икки баравар кўпаяди, яъни 2,1 миллиард кишига кўтарилади. Ўз навбатида, 2050 йилгача 80 ёш ва ундан катталар сони уч баравар ошиб, 426 миллион нафарга етади.
Экспертлар хулосасига кўра, ушбу таҳлиллар жаҳон бўйича аҳоли таркибида кексалар улуши ошиб бораётганини тасдиқлайди. Мазкур жараён, айниқса, тараққий этган мамлакатларда тезлашган.
Масалан, Японияда 60 ёшдан ошган одамлар аллақачон аҳолининг 30 фоизини ташкил қилмоқда.
Паст ёки ўрта даромадли мамлакатларда ҳам 2050 йилгача 60 ёшдан катталар аҳолининг учдан икки қисмига етиши тахмин қилинмоқда.
Бу кўрсаткичлар келгусида соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот тизимларини ушбу демографик ўзгаришларга тайёрлаш вазифасини кун тартибига қўяди.
ЎзА
- Қўшилди: 17.10.2024
- Кўришлар: 611
- Чоп этиш