Одатда дарахтзор, яшиллик кўп бўлган ҳудудга кирганда ҳар қандай инсоннинг нафас олиши енгиллашади, ўпкаси кислородга тўйиниб, ўзини енгил ҳис қилади. Бу бежиз эмас, яшиллик кўп бўлган жойда тоза ҳаво, кислород миқдори кўп бўлишини ҳаммамиз яхши биламиз.
Афсуски, бугунги кунда бутун Ер юзида яшиллик, ўрмонлар ҳудуди камайиб кетмоқда, экологик вазият ёмонлашмоқда. Бу эса инсоният олдига ўта муҳим ҳаётий масалани кўндаланг қўяди – мавжуд ўрмонларни асраб-авайлаш ва янада кўпайтириш зарур.
21 март ҳар йили бутун жаҳонда Халқаро ўрмонлар куни ёки Умумжаҳон ўрмонларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланиб келинади. Бундан мақсад ягона – дунё жамоатчилигини ўрмонларни сақлаб қолишга, ҳимоялашга чорлаш, бунинг аҳамиятини тарғиб қилиш.
– Ўрмон ва унинг бойлигини сақлаб қолиш масаласи бугунги кунда дунёнинг барча мамлакатлари учун энг муҳим экологик муаммолар қаторидадир, – дейди Ўзбекистон Экологик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзоси Ислом Хушвақтов. – Сўнгги йилларда Ер юзида ўрмонларнинг йўқолиб кетиши билан боғлиқ тенденциялар нафақат экологлар орасида, балки бутун халқаро ҳамжамиятларда ташвиш уйғотди. Шундан келиб чиқиб, 2012 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг қарорида ҳар йили 21 март кунини Халқаро ўрмонлар куни сифатида нишонлаш белгиланди. Ушбу қарор жамоатчиликни ўрмонларни сақлаб қолиш муҳимлиги ва уларнинг аҳамиятлилиги ҳақида хабардор қилиш учун имконият сифатида қабул қилинди. Аслида бу ташаббус 1971 йилда БМТнинг 23-Бош Ассамблеясида Европа қишлоқ хўжалиги Конфедерацияси томонидан илгари сурилган эди. Ушбу ғоя БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан қўллаб-қувватланди. Дастлаб бу кунни Жанубий ярим шарда кузги тенг кунликда ва Шимолий ярим шарда баҳорги тенг кунликда нишонлаш қабул қилинган. Бу одат бўйича баҳорнинг биринчи куни деб ҳисобланган ва янги ҳаётнинг рамзи ва бошланишидир. 2012 йилга келиб эса БМТ қарори билан ҳар йили 21 март Халқаро ўрмонлар куни сифатида нишонлаб келинади.
Бугунги кунда юртимизда ҳам яшил ҳудудларни кенгайтириш, ўрмон фондини бойитиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республикамиз бўйлаб юзлаб гектар майдонларда «яшил боғлар» барпо этилмоқда. Айни кунларда баҳорги мавсум ҳам қизғин паллада амалга оширилмоқда.
Ўрмон хўжалиги агентлигининг маълумотларига кўра, ўрмон фонди ерлари 1 миллион гектарга кенгайиб, 11,9 миллион гектарни, яъни республика умумий ер майдонининг 26,4 фоизини ташкил этади. 5 миллион 300 минг гектар майдон ўрмонзор билан қопланган ҳудуд ҳисобланади. 3,5 миллион гектар майдоннинг 2,2 миллион гектари табиий, 1,2 миллион гектари маданий ўрмонзорлардир. Ушбу ҳудудларни янада кенгайтириш, мамлакатимиз яшиллик даражасини кўпайтириш олдимизда турган энг долзарб вазифалардан ҳисобланади, – дейди депутат.
Дарҳақиқат, экологик муаммолардан азият чекилаётган бир пайтда табиий муҳитни, яшиллик ва ўрмонзорларни асраш ҳамда кўпайтириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу борада «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам республикада ўрмон билан қопланган майдонларни 6,1 миллион гектарга етказиш, дарахт ва бута уруғлари тайёрлашни 840 тоннага ошириш мақсадлари кўзда тутилган. Демак, дарахт ва буталарни экиш, ўрмонлар барпо этилишига ҳар биримиз масъулмиз.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 20.03.2024
- Кўришлар: 2452
- Чоп этиш