26 йилдан сўнг саратонга чалиниш ҳолатлари 77 фоизга кўпаяди — ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти онкологик касалликлар бўйича ўтказилган янги тадқиқот натижаларини эълон қилди. Унда қайд этилишича, 2050 йилга келиб, дунёда саратонга чалиниш кўрсаткичлари йилига 20 миллиондан 35 миллион ҳолатга кўпайиши мумкин. 

Ўсиш динамикасига таъсир кўрсатувчи қатор омиллар мавжуд. Улар орасида тамаки истеъмоли, спиртли ичимликлар, семириш ва ҳаво ифлосланиши асосий ўринни эгаллайди.

Хусусан, ҳисоботда инсон тараққиёти индекси жуда юқори бўлган мамлакатларда ҳар 12 аёлдан бири кўкрак бези саратонига чалиниши прогноз қилинган. Шунингдек, ҳар 71 нафар бемор аёлдан бири бу хасталик оқибатида вафот этади.

Инсон тараққиёти индекси паст давлатларда эса вазият бошқачароқ тус олиши мумкин. Яъни ҳар 27 аёлдан бирига кўкрак бези саратони ташхиси қўйилиб, 48 нафар бемордан бири ҳаётдан кўз юмади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда сайёрамиз бўйича 20 миллиондан ортиқ саратонга чалинган бемор ва 10 миллионга яқин ўлим ҳолатлари қайд этилди. Онкологик касалликлардан ўлим сабаблари орасида ўпка саратони етакчилик қилган — 18,7 фоиз. Бу дард 1,8 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун ЖССТ 2023 йил декабрь ойида электрон сигарета истеъмоли, реализацияси ва тарғиботини назорат қилиш ҳамда тартибга солиш юзасидан ҳукуматларга шошилинч тавсиялар берди.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech