Ҳар йили 3 март куни дунёда Бутунжаҳон ёзувчилар куни (World Day of the writer) сифатида нишонланади.
Бу байрам 1986 йилнинг 12-18 январь кунлари бўлиб ўтган Халқаро PEN Club (International PEN Club)нинг 48-конгресси қарорига кўра таъсис этилган. Ташкилот номи – қисқартма сўзлардан ташкил топган бўлиб, инглизча “Poets” – шоирлар, “Essayists” – эссе, очерклар ёзувчи, “Novelists” – роман ёзадиган адиблар сўзининг бош ҳарфларидан ҳосил бўлган.
Халқаро PEN Club 1921 йил Лондонда ташкил топган. Ташкилот ўз атрофига маҳоратли ёзувчи ва шоирлар, журналистларни бирлаштиргани билан аҳамиятли.
Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий адабиётимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижодкорларнинг асарларини нашр эттириш, улар учун зарур шароит ва имкониятларни яратиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишларнинг барчасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббускор экани бугунги кунда наинки мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда.
Устоз адиб ва шоирларнинг хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ижодий меросини кенг тарғиб этиш, асарларини нашр эттириш, юбилей саналарини ўтказиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ёш ижодкорларга эътибор бугун ҳар қачонгидан ҳам кучайгани диққатга сазовор. Ёш қаламкашлар учун Зомин ёш ижодкорлар республика семинари қайта тикланди. Ёш ижодкорлар, шеърият мухлислари учун “Шеърият хиёбонлари” ва бошқа кўплаб ижодий-маърифий лойиҳалар мунтазам ўтказилмоқда.
Айни эътибор самараси ўлароқ, мамлакатимиз ёзувчилари ва шоирлари ижодини халқаро миқёсда тарғиб этиш, жаҳон адибларининг энг сара асарларидан намуналарни ўзбек тилига таржима этиш борасидаги ишлар ҳажми янада ортди. Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилди. Бир қатор ёзувчи ва шоирларимизнинг асарлари жаҳоннинг турли мамлакатларида нашр этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркуми чоп этилиб, халқаро миқёсда тақдим этилгани миллий ва қардош халқлар адабиёти тарғиботида Ватанимизнинг етакчилик позициясини эгаллаб келаётганидан дарак беради.
Шу билан бирга, ТУРКСОЙ мамлакатлари ўртасидаги ижодий-адабий алоқалар қамрови тобора кенгайди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан халқаро шеърият фестиваллари, туркий тилли давлатлар адиблари иштирокидаги халқаро форумлар мунтазам бўлиб ўтмоқда.
Шунингдек, Россия, Беларусь Республикаси, Озарбайжон, Туркия, Жанубий Корея, Италия ва бошқа давлатларда ўзбек ёзувчи ва шоирларининг асарлари чоп этилиши қамрови тобора ортди. Ижодкорларимиз халқаро миқёсдаги ижодий фестиваллар, танловларда совриндор бўлмоқдалар.
Буларнинг бари халқимизни китобхон миллатга айлантириш борасидаги амалий ишларнинг ёрқин намунасидир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 03.03.2025
- Кўришлар: 683
- Чоп этиш