Қашқадарё вилоятини ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятлар кўрсатиб ўтилди

Кўкдала туманида 20 июнь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев вилоятда улкан ўзгаришлар бўлаётгани, ислоҳотлар одамлар ҳаётига кириб бораётганини қайд этди.

Олдинлари вилоят саноатининг ярмидан кўпи нефть-газ ва кимё тармоғига тўғри келарди. Сўнгги йилларда электр техникаси, қурилиш материаллари, тўқимачилик, мебелчилик соҳаларида “катта сакраш” бўлди. Ҳозир бу тармоқларнинг саноатдаги улуши 54 фоизни ташкил этаяпти.

Лекин ҳаёт тўхтаб турмайди, ҳали қилинадиган вазифалар кўп. Таҳлилларга кўра, Қашқадарёда ишга солинмаган камида 15 миллиард долларлик салоҳият бор. Бу имкониятларнинг учдан бири лойиҳага айлантирилса ҳам, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотини келгуси беш йилда бемалол 10 миллиард доллардан ошириш мумкин.

Маълумки, жадал ривожланиш дастурига кирган туманларда “Ислоҳотлар штаби” тузилмоқда. Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалада ишга тушган янги лойиҳалар бунда тайёр андоза экани таъкидланди. Энди шундай штаб Қашқадарёда ҳам бўлиши белгиланди.

Давлатимиз раҳбари вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятларни кўрсатиб ўтди.   

Энг катта захира қишлоқ хўжалиги ерлари экани қайд этилди. Мисол учун, Қашқадарёдаги суғориладиган қишлоқ ерлари 515 минг гектарни, томорқа ва боғдорчилик ерлари 45 минг гектарни ташкил қилиб, республикада биринчи ўринда.

Бундан ташқари, вилоятда 1,3 миллион гектар яйлов ва ўрмон ерлари мавжуд. Энди улардан самарали фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил қилинади. Инвестиция жалб қилиш, лойиҳаларни молиялаштириш ва улуш билан кириш учун унга акциядорлик жамияти мақоми берилиб, Кузатув кенгашига Бош вазир раҳбарлик қилади. Компанияга дастлабки босқичда 100 миллион доллар ажратилади. Бу маблағ ва қўшимча инвестиция ҳисобига, икки йилда вилоятдаги камида 200 минг гектар яйлов ва ўрмон ерлари лазерли текисланиб, сув тежовчи технологиялар жорий қилинади.

Қашқадарёда чорвачиликни комплекс ривожлантириш дастури бошланади. Бунинг учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 12 ойгача 14 фоизли кредитлар ажратилади. Бу орқали вилоятдаги 127 та чорвадор тўлиқ қувватга чиқади. Ери ҳам, фермаси ҳам борларга имтиёзли маблағ берилади.

Йил бошидан бери вилоятда мева-сабзавот экспорти 2 карра ошиб, 62 миллион долларга етган. Айниқса, Кўкдала тарвузлари машҳур. Қашқадарёда буни помидор бўйича ҳам қилса бўлади. Шу мақсадда 13 та тумандаги 6 минг гектар ерда помидор етиштириш йўлга қўйилади.

Картошкачилик учун 10 фоиздан 12 ой муддатга имтиёзли кредит ажратилади. Бу тармоққа зарур техникалар импорт божидан озод этилади, юқори авлодли уруғ харид қилишда қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи қайтариб берилади.

Аҳолини ишли қилиш ва камбағалликни қисқартириш энг долзарб масалалардан. Йил бошидан 284 минг одамнинг бандлиги таъминлангани билан яна минглаб ишсизлар бор.

Шу боис бу йил Қашқадарёда 470 минг кишини банд қилиш, 150 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш, Китоб тумани, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳрини “ишсизлик ва камбағалликдан ҳоли ҳудуд”га айлантириш бўйича катта марра олинган.

Хусусан, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор ва Чироқчи туманларидаги табиат гўшаларида туризм масканлари барпо этилади. Кўкдаладаги Чиял бозорида яхна тайёрловчилар учун шароит ва санитария яхшиланиб, гастрономик туризм кенгайтирилади. Шаҳрисабз шаҳри Қорасув маҳалласида темирчилик маркази ташкил қилинади.

Ишсиз фуқаролар хорижий тилларга ўқитилиб, юқори даромад берадиган мамлакатларга ишга юборилади. Аукционда сотиладиган 120 дан ортиқ объект ва 400 гектар ер негизида корхоналар ташкил этиб, 70 минг иш ўрни очиш чоралари кўрилади.

Бу йил Қашқадарёда 3,5 миллиард доллар инвестиция бўйича катта марра олинган. Ўтган беш ойда Косон, Китоб ва Чироқчида инвестиция қарийб 2 карра ошган.

Вилоятдаги конлар инвестиция жалб этиб, қўшилган қиймат яратиш учун катта имконият экани қайд этилди. Масалан, Китобдаги 5 та истиқболли майдонда 39 тонна олтин, Чироқчида 10 минг тонна ноёб металлар захираси аниқланган. Қурилиш материаллари соҳасида 150 миллион долларлик 16 та лойиҳа тайёрлаган.

Муборакдаги Газни қайта ишлаш заводи атрофидаги инфратузилмадан фойдаланиб, 200 гектар майдонда инновацион саноат зонаси ташкил этилади. Унда кластер тизими асосида нефть-кимё, электротехника, робототехника ва қурилиш материали бўйича 5 та йирик лойиҳа амалга оширилади.

Вилоят пахта етиштириш бўйича етакчи бўлса-да, тўқимачилик саноатидаги улуши 10 фоизга ҳам етмайди. Бу соҳада 400 миллион долларлик 35 та лойиҳа бошланади. Жорий йил ип-калавани қайта ишлаш 51 фоизга, келгуси йили 100 фоизга етказиш чоралари кўрилади.

Бундай иқтисодий лойиҳалар учун ривожланган инфратузилма зарур. Масалан, “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” йўлининг вилоятдан ўтган 100 километрини реконструкция қилиш ҳисобига транзит салоҳиятини 3 карра ошириш мумкин.

“Қарши – Шаҳрисабз – Китоб” магистрал йўлининг 106 километри реконструкция қилиниб, 2 тасмадан 4 тасмага ўтказилади. Бу лойиҳа доирасида Қамаши ва Яккабоғ марказидан айланиб ўтадиган 34 километрли янги йўл ҳам барпо этилади. Ислом тараққиёт банки иштирокида “Тошкент-Термиз” йўлининг Қашқадарёдан ўтган 60 километри ҳам 4 тасмали қилиниб, цемент-бетон қопламага ўтказилади.

Аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш учун 7 минг 700 та хонадонли уйлар барпо этилади. Бу йил 183 километр сув ва канализация тармоғи, 8 та сув иншооти қурилади.

Йиғилишда ёшлар бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Уларни “Ёшлар бизнеси” дастурига, олийгоҳ битирувчиларини “Келажакка қадам” дастурига қамраб олиб, тадбиркорлик ва бандлигига кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

– Кўриб турганингиздек, Қашқадарёда режалаштирган ишларимиз кўп. Амир Темурдек буюк аждодимиздан жасорат, матонат, бағрикенглик каби фазилатларни мерос қилиб олган меҳнатсевар, самимий ва олийжаноб вилоят аҳли билан олдимизга қўйган улкан марраларга албатта эришамиз. Аминманки, қашқадарёликлар барча ислоҳотларимизнинг олдинги сафида бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вилоят ва туман ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари ахборот берди, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари билан мулоқот қилинди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech