Уч йилдан ортиқ давом этган муросасиз кураш

 (“Адолат ҳимоясида” медиалойиҳаси: 5-мақола)

 

“Тошкент шаҳар Олмазор тумани судининг фуқаро Муҳтабар Раҳимжоновна Алимтаевага нисбатан чиқарган ҳукми Ўзбекистон Республикаси Жиноят–процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан, яъни содир этилган жиноятнинг вақти, жойи, усули, шунингдек Жиноят кодексида кўрсатиб ўтилган бошқа ҳолатлари, қилмиш ва рўй берган ижтимоий хавфли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш исботланмаганлиги учун айбланувчи тўлиқ реабилитация қилинсин”.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди аппеляция инстанциясининг ушбу қонуний ва адолатли қарори қабул қилиниши учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази маъсул ходимлари уч йилдан ортиқ муддат давомида кураш олиб боришга мажбур бўлишди.

-Айрим шахсларнинг қасддан тергов ва суд органларига берган ёлғон кўрсатмалари, терговчининг қалбаки далиллари, асоссиз айбловларига асосан ноқонуний жавобгарликка тортилдим ва деярли тўрт йил мобайнида оилам аъзолари билан руҳий азоб чекдим, – деб ёзади М.Алимтаева Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига йўллаган ташаккурномасида. - Марказнинг яқиндан берган ёрдами, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Бош прокуратурасига чуқур асосланган мурожаатлари ниҳоят адолат қарор топишини таъминлади. Айниқса Марказ ҳуқуқшунос ходимларининг аппеляция бўйича барча суд мажлисларида тўлиқ иштирок этиши айбсиз эканлигимни исботлашимда катта аҳамиятга эга бўлди.

Бундай миннатдорлик мактублари Марказга тез-тез келиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жуда тўғри қайд этганидек, “текшир-текшир” ва “деди-деди” қабилидаги гаплар асосида жавобгарликка тортишлардан халқимиз қаттиқ чарчаган.

Бунга яна бир мисол тариқасида  Нурмаҳамат Аҳмедовнинг суд ишини келтириш мумкин. У Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандлари билан, яъни ишониб топширган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш ҳамда ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб, расмий ҳужжатларга била туриб сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки била туриб, сохта ҳужжатлар тузиш ва тақдим этиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар етказишда айбланган.

Айбланувчи томонидан Миллий марказга мурожаатида тақдим этилган ҳужжатлар ҳолис ва синчиклаб ўрганиб чиқилганида унга нисбатан асоссиз равишда маъмурий ва жиноий иш қўзғатилганлиги, ноқонуний жавобгарликка тортилганлиги аниқланди. Ана шунга асосланган ҳолда Марказ ўз хулосаларини Ўзбекистон Республикаси Олий судига йўллади. Айни пайтда худди шу муносабат билан бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ҳам таклифлар киритилди.

Натижада Тошкент шаҳар суди аппеляция инстанциясининг ажрими билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод судининг Нурмаҳамат Аҳмедовга нисбатан ҳукми бекор қилинди, айбланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги учун айбсиз деб оқланди.

– Бугун менинг қувончим ўзгача ва тенги йўқ, – деб ёзади Марказга ўз ташаккурномасида Н.Аҳмедов. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 ноябридаги Фармонида “Шахсни ноқонуний ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукм қилишга сабаб бўлган, ҳужжатлар ёки ашёларга била туриб ёлғон маълумотлар ва бошқа бузиб кўрсатилган фактларни киритиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатув беришга мажбурлаш, иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни бузиб кўрсатиш орқали далилларни қалбакилаштирганлик учун, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутган ҳолда жиноий жавобгарлик киритилсин” деб муҳрлаб қўйилганлиги менинг ҳам етти йил давомидаги дарду ташвишларимга малҳам бўлди. Реабилитация қилинганлигим ҳақидаги ажрим ўқиб эшиттирилди. Сиз, муҳтарам Шавкат Миромоновичга елкадош бўлиб, менинг конституциявий ҳуқуқларим ва қонуний манфаатларимни тикланишига амалий ёрдам берган барча раҳбарларга самимий ва чексиз ташаккурим билан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг маъсул ходимлари ҳуқуқлари бузилган, нохақ айбланиб жазоланган фуқаролар учун нажот маскани бўлмоқда. Уларнинг қонун ва адолат тантанаси учун сабот билан кураш олиб боришлари натижасида, жумладан 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган Суҳроб Юнусовга нисбатан суд ҳукми бекор қилиниб, у озодликка чиқарилди. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи А.Абдуллаеванинг хонадонини давлат эгалигига ўтказиш тўғрисидаги суднинг ҳукми бекор қилиниб, фуқаронинг мулк ҳуқуқи тикланди. Судланган қатор фуқароларга нисбатан эса айбловларнинг айрим моддалари бекор қилинди ва уларга енгилроқ жазо белгиланди.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, мамлакатда, жамиятда қонун устуворлиги, адолат тикланаётганлигининг амалий ифодаси бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизмига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганининг далолатидир.

 

Эркин Эрназаров,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош муҳаррирининг ўринбосари

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech