Туркияда ўтказилган “Анталия дипломатия форуми – 2025”да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев иштирок этди.
“Бўлиниб кетган дунёда дипломатияни қайта тиклаш” мавзусида ўтказилган тадбирда нотинч ва зиддиятларга бой глобал муҳитда дипломатиянинг ҳал қилувчи роли муҳокама марказида бўлди.
С.Сафоев форумда Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати, минтақавий дипломатияни мустаҳкамлаш борасидаги ёндашувлари ҳақида нутқ сўзлади. Глобал зиддиятлар фонида халқаро институтларнинг ишончлилигини қайта тиклаш, дипломатия орқали барқарор тараққиётни таъминлаш ҳамда минтақавий ва глобал даражадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
С.Сафоев форум доирасида делегациялар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда етакчи экспертлар билан учрашувлар ўтказди. Уларда сиёсий ҳамкорлик, иқтисодий интеграция, ёшлар дипломатияси, экологик барқарорлик ва ахборот маконида ўзаро ишончни мустаҳкамлашга доир масалалар муҳокама қилинди.
Глобал хавфсизлик, барқарорлик ва тинчлик йўлида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим майдонлардан бирига айланган Анталия форумида Ўзбекистоннинг фаол иштироки давлатимизнинг минтақавий ва глобал миқёсдаги очиқ, барқарор ва узоқ муддатли дипломатик сиёсатини намоён этди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 18.04.2025
- Кўришлар: 259
- Чоп этиш