АҚШ ҳукумати Қўшма Штатларга мамлакатга ноқонуний миграция ташкилотчиси бўлган шахсларга нисбатан виза чекловини жорий қилди. Давлат департаментига кўра, чет элликларнинг АҚШга ноқонуний кириб келишига ёрдам берувчи шахсларга энди Америка визаси берилмайди.
Расмий ахборотда бу чеклов одамларни АҚШга ноқонуний йўл билан юборишни ўзининг асосий фаолияти қилиб олган сайёҳлик агентликлари ва туроператорларнинг расмийларига ҳам тааллуқли экани алоҳида қайд этилган.
“Ҳеч ким – на контрабандачилар, на хусусий компаниялар, на давлат амалдорлари ва на бошқалар – заиф муҳожирлар ҳисобидан фойда кўрмаслиги керак”, – дейилади Давлат департаменти ахборотида.
Бир неча ой олдин бундай чеклов ноқонуний миграцияни ташкиллаштирувчи компанияларнинг қуруқлик, денгиз ва ҳаво транспорти орқали одамларни ташиш билан шуғулланадиган мансабдорларига нисбатан жорий этилган эди. Эндиликда чеклов доираси кенгайтирилиб, турфирмалар ва туроператорларнинг юқори лавозимли амалдорлари ҳам “қора рўйхат”га киритилди.
Аввалроқ, 2023 йилда АҚШ чегарасини 50 минг нафар марказий осиёлик ноқонуний кесиб ўтгани хабар қилинганди.
Kun.uz
- Қўшилди: 30.07.2024
- Кўришлар: 1159
- Чоп этиш