Араб матбуоти Тошкент анжумани ҳақида

Шарқ медиаси, хусусан Кўрфаз араб давлатлари нашрлари Ўзбекистон Республикаси Президенти 7 апрель куни Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси доирасида араб давлатлари парламентлари раҳбарларини қабул қилганини кенг ёритди.

– Учрашувда Араб парламенти Раиси Муҳаммад бин Аҳмад Ал-Ямаҳий, Баҳрайн парламенти Вакиллар кенгаши Спикери Аҳмад бин Салмон Ал-Мусаллам, Миср Вакиллар палатаси Спикери Ҳанафий Али Ал-Жабалий, Ўмон Шўро кенгаши Раиси Холид бин Ҳилол Носир Ал-Маъавалий, Қатар Шўро кенгаши Раиси Ҳасан бин Абдуллоҳ Ал-Ғаним ва Бирлашган Араб Амирликлари Федерал миллий кенгаши қўмитаси раиси Али Рашид Ал-Нуаймий иштирок этди, – деб бошланади мақола. – Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари Кўрфаз ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий муносабатлар илдизи чуқурлиги, саъй-ҳаракатларда муштарак манфаатлар бисёрлигини юқори баҳолади.

Нашрлар араб дунёси билан кўп қиррали муносабатни, жумладан, парламентлараро алоқалар орқали янада ривожлантириш масаласи кўриб чиқилганига урғу берган. Ўзаро муносабатда парламент кенгашлари фаолияти муҳим ўрин эгаллашини таъкидланган. Кейинги йилларда кенг қамровли шериклик жадал ривожланаётгани, олий даражада тарихий ташрифлар амалга ошаётгани, ўзаро мулоқот ва алмашинув фаол давом этаётгани мамнуният билан қайд этилган.

БАА ва Қатар билан муносабат стратегик даражага кўтарилгани, Саудия ва Миср билан кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилгани, Баҳрайн Подшоҳлиги ва Ўмон Султонлиги билан ҳар томонлама шериклик изчил ривожланаётганига эътибор қаратилган.

Дарвоқе, ушбу мамлакатлар билан ўзаро инвестиция қиймати айни пайт 50 миллиард доллардан ошган, “Яшил” энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, IT, транспорт ва логистика, инфратузилма ва туризм соҳаларида лойиҳалар амалга оширилмоқда, 500 га яқин қўшма корхона ташкил этилган, тўғридан-тўғри ҳаво қатнови сони ҳафтасига 150 мартадан ошган.

Мақолада бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси, энг аввало, жорий йил май ойида Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқоти иккинчи саммитини ўтказиш масаласи кўриб чиқилгани таъкидланган.

М.Пирматова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech