Lancet журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра аёллар ўлимга сабаб бўлмайдиган, бироқ узоқ муддатли касалланиш ва ногиронликка сабаб бўладиган соғлик муаммоларига кўпроқ дуч келишади. Улардан фарқли равишда эркаклар эрта ўлимга сабаб бўлувчи касалликларга чалиниши хавфи юқори.
Халқаро миқёсда аёл ва эркак саломатлиги ўртасида жиддий фарқлар мавжуд бўлиб, саломатлик ўртасидаги фарқларни бартараф қилиш борасидаги охирги 30 йиллик ютуқлар ҳам чекланган миқдордалигича қолмоқда.
Lancet журналида эълон қилинган тадқиқотда таъкидланишича, таянч-ҳаракат тизими муаммолари, руҳий саломатлик муаммолари ва бош оғриғи касалликлари каби касаллик ва ногиронликка олиб келадиган, ўлимга олиб келмайдиган ҳолатлар кўпроқ аёлларга таъсир қилади.
Шу билан бирга, юрак қон-томир касалликлари, нафас ва жигар касалликлари, йўл-транспорт ҳодисалари жароҳатлари, коронавирус каби эрта ўлимга сабаб бўлувчи ҳолатлар эркакларга кўпроқ хавф солади.
Эркак-аёл соғлигидаги фарқлар уларнинг ёши катталашгани сайин ортиб боради ва аёллар кўпроқ яшагани учун ҳам бу касалликлар таъсирида уларнинг ногиронликка чалиниш даражаси юқорироқ бўлади.
Тадқиқотнинг бош муаллифи, Вашингтон университети Соғлиқни сақлаш ўлчовлари ва баҳолаш институти доктори Луиса Сорио Флорнинг қайд этишича, аёллар ёмонлашган соғлиқ билан узоқроқ яшайди. Уларни касалланишга ва ногиронликка олиб келадиган ҳолатларни камайтириш бўйича қилинаётган ҳаракатлар чекланган. Худди, шунингдек, эркаклар охири ўлимга олиб келадиган касалликларга кўпроқ чалинмоқда.
Тадқиқотда аёллар ва эркаклар касаллигига ва ўлимига сабаб бўладиган 20 та сабаб жинс, яшаш ҳудуди ва ёш нуқтаи назаридан кўриб чиқилди.
Таҳлилларда касалланиш ва ўлим ҳолатларининг 20 та сабаби ўрганилган бўлса, шундан 13 та ҳолатда, жумладан, коронавирус, йўл ҳодисаларида олинган жароҳатлар, юрак касалликлари, респиратор ва жигар касалликларига чалиниш кўрсаткичи 2021 йилда эркакларда аёлларга қараганда юқорироқ бўлган.
Аёлларни қийнаб келадиган касалликлар орасида эса энг асосийлари бел оғриғи, депрессия, бош оғриғи, суяк ва мушак оғриқлари, Алцгеймер касаллиги, ОИВ ва ОИТС экани аниқланди.
Бу муаммолар эрта ўлимдан фарқли равишда ҳаёт давомида касаллик ва ногиронлик билан яшашга сабаб бўлади.
Эндиги вазифа эса касалликлар ва эрта ўлим ҳолатларига қарши курашиш, уларни даволашда эркак ва аёлларга алоҳида ёндашувни йўлга қўйишдан иборат.
Kun.uz
- Қўшилди: 06.05.2024
- Кўришлар: 1551
- Чоп этиш