Ҳозирги глобаллашув жараёнида бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва аҳиллик масалалари жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб ҳисобланади. Шу маънода, 1995 йил 16 ноябрда БМТнинг Фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти – ЮНЕСКО томонидан Бағрикенглик тамойиллари декларацияси қабул қилингани улкан аҳамиятга эгадир.
Бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрни – Халқаро бағрикенглик куни сифатида нишонлаш эзгу анъанага айланган. Ушбу муҳим сана муносабати билан турли мамлакатларда махсус дастурлар асосида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Сайёрамизнинг ҳар бир минтақасида ўқув муассасалари, ҳукуматлараро ва ноҳукумат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан фуқаролар ўртасида бағрикенглик ғояларини тарқатишга даъват этилади.
Бағрикенглик тамойиллари декларациясида қайд этилганидек, бағрикенглик алоҳида одамлар ўртасида, оила ва жамоадаги ўзаро муносабатларда зарурдир. Мактабларда ва университетларда, норасмий таълим йўли билан уйда ва иш жойларида бағрикенглик руҳини мустаҳкамлаш ва кишилар ўртасида бир-бирига очиқлик, эътибор ва бирдамлик муносабатларини шакллантириш лозим.
Бунда коммуникация воситалари эркин, очиқ мулоқот ва муҳокамага кўмаклашишда, бағрикенглик қадриятларини тарқатишда, айниқса, бош кўтараётган муросасизликни тарғиб қилувчи гуруҳлар ва мафкураларга нисбатан бефарқ муносабатда бўлиш хавфли эканини тушунтиришда амалий аҳамият касб этади.
“Бағрикенглик” тушунчаси нимани англатади? Бағрикенглик тамойиллари декларациясида ушбу тушунчага учта муҳим ва қамровдор таъриф берилган.
Биринчи таъриф: Бағрикенглик – бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашнинг ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни билим, самимият, очиқ мулоқот ҳамда ҳур фикр, виждон ва эьтиқод вужудга келтиради. Бағрикенглик –турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик тинчликка эришишни мушарраф қилгувчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчидир.
Иккинчи таъриф: Бағрикенглик – ён бериш, андиша ёки хушомад эмас. Бағрикенглик – энг аввало инсоннинг универсал ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олиш асосида шаклланган фаол муносабатдир. Ҳеч қандай вазиятда ҳам бағрикенглик ана шу асосий қадриятларга тажовузларнинг баҳонаси бўлиб хизмат қилмайди. Бағрикенгликни алоҳида шахслар, гуруҳлар ва давлатлар намоён қилиши лозим.
Учинчи таъриф: Бағрикенглик – инсон ҳуқуқларини қарор топтириш, плюрализм (шу жумладан, маданий плюрализм), демократия ва ҳуқуқнинг тантанаси учун кўмаклашиш мажбурятидир. Бағрикенглик – ақидабозликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатувчи ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларни тасдиқловчи тушунчадир.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий соҳалар ривожига, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири – бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдир. Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ушбу йўналишда яратилган ва яратилаётган барча зарур шароитлар учун мустаҳкам ҳуқуқий асос эканини таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида бағрикенглик сиёсатига алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистон – улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир”.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётгани, фидокорона меҳнати билан жонажон Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани айниқса қувонарлидир. Биз бундай бебаҳо бойлик билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Ўзбекистон Президентининг давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини мамлакатимиздаги дўстлик ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлашга йўналтирилган бағрикенглик сиёсати изчил давом этмоқда. Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортганини эсга олиш айни муддаодир.
БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида ушбу нуфузли халқаро ташкилотга аъзо давлатлар томонидан якдиллик билан қабул қилинган мазкур Резолюцияга 50 дан ортиқ мамлакат ҳаммуаллиф бўлиш истагини билдиргани бежиз эмас. Бинобарин, Резолюцияда маърифат, тинчлик, инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик ва дўстликни илгари суриш қанчалик муҳимлиги, шунингдек, дунёда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш учун интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бағрикенглик ва ўзаро тушунишнинг улкан аҳамияти эътироф этилган.
Марказий Осиё минтақасида жойлашган Ўзбекистондаги бағрикенглик тамойилларига асосланган барқарорлик юксак эътибор ва эҳтиромга муносибдир.
Мамлакатимизда истиқомат қиладиган турли миллат ва элатларнинг ўзаро тотувлигисиз, расман рўйхатдан ўтган 16 диний конфессия вакиллари ўртасидаги барқарор бағрикенглик муносабатларисиз давлат ва жамият тараққиётини тасаввур этиб бўлмайди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида янги ва янада муҳим натижалар қўлга киритилди.
Эндиликда ҳаётбахш ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди. Ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланди.
Шундай экан, миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини ҳамжиҳат бўлиб амалга оширамиз. Янги Ўзбекистонни биргаликда, бағрикенглик билан бунёд этамиз.
Ойдин Иброҳимова
- Қўшилди: 16.11.2021
- Кўришлар: 4189
- Чоп этиш