Ўзбекистон ТИВ вазири Бахтиёр Саидов АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва миллий хавфсизлик бўйича президент маслаҳатчиси Майкл Уолтц билан учрашди.
«Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий алоқаларни ривожлантириш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича умумий қарашларимизни чуқурлаштириш каби муҳим йўналишлар кун тартибимиздан ўрин олди», — деб ёзди Саидов Рубио билан учрашув ҳақида.
Вазир АҚШнинг Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнларини қўллаб-қувватлаётганини юқори баҳолади.
Саидов, шунингдек, Майкл Уолтц билан ўтказган мулоқотини «очиқ ва самарали» деб атади.
«Учрашувимиз давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга содиқлигимизни тасдиқлаган ҳолда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдик», — деди Ўзбекистон вазири.
Кун тартиби хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий тараққиёт, минтақавий боғлиқлик ва Марказий Осиёда барқарор ривожланишни рағбатлантириш масалаларига қаратилди.
«АҚШ президенти томонидан Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастури ва минтақада тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимизнинг доимий қўллаб-қувватланишини юксак қадрлаймиз», — дея таъкидлади ташқи ишлар вазири.
Kun.uz
- Қўшилди: 10.04.2025
- Кўришлар: 540
- Чоп этиш