Ўзбек халқи – болажон халқ. Аммо баъзан болаларни қадрламаётган, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётганлар ҳам учрайди.
Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августда "Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони эълон қилинган.
Бугун мамлакатимизда болалар ҳуқиқини ҳимоя қилиш йўналишида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу каби масалалар хусусида бугун “Дебат Холл” медиа марказида “Болалар ҳуқуқлари ҳимояси” мавзусида навбатдаги сессия бўлиб ўтди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси мутахассислари, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этган сессияда ота-оналарнинг фарзанд билан муносабатидаги мувозанат, ҳаракатларини назорат қилиш, болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш йўлидаги олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
– Мамлакатимизда болалар томонидан содир этиладиган жиноят анча камайган. Мактабга бормаётган ўқувчилар сони ҳам кескин пасайган.
Оилалардаги зўравонликка келсак, бундай ҳолатлар йўқ, демайман, бор! Биз ана шу зўравонликларнинг олдини олиш учун катта маҳаллаларда иккитадан, кичик маҳаллаларга эса биттадан профилактика инспекторини бириктирганмиз. Бирор оилада зўравонлик ҳолатлари кузатилганда, ўша оилани рўйхатга олиб, турли суҳбатлар ўтказяпмиз, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиснинг хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича ўринбосари Гулнора Йўлчиева.
"Янги парламент шаклланиши болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасида янгиликлар олиб келиши мумкинми? Болаларга нисбатан оилада зўравонлик кузатилса, қандай чоралар кўрилади?" каби саволлар ҳам айни сессияда ўртага ташланди.
– Мамлакатимиз бутунжаҳон фаровонлик индексида 16 поғона илгарилади, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова – Бу Ўзбекистонда неонатал ўлимнинг қисқариши, мактабгача таълимга болалар қамрови 27 фоиздан 76 фоизгача ўсганлиги, бошланғич таълимга эса 2 миллион боланинг қамраб олинганлиги (98%) ҳамда болалар меҳнатини буткул тугатилганлиги билан изоҳланади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда 50 дан ортиқ қонун болалар манфаатини ҳимоя қилиш йўлида чиқарилган. 400 дан ортиқ қонуности ҳужжатлар тайёрланган.
Тадбирда оилада зўравонликдан азият чеккан шахсларга кўрсатиладиган ижтимоий хизмат сифатини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш масалаларида ҳам фикрлар билдирилди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 майда имзоланган "Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ИИБ, яъни 102га зўравонлик бўйича келиб тушган мурожаатлар шаҳар профилактика инспектори томонидан назоратга олинади.
Агар она ўз боласи билан уйида қолишига имконият бўлмаса, ёки қолишни истамаса, ҳар бир туман тиббиёт бирлашмаларида кўмаклашув марказлари ташкил этилган. Унда она ва бола 3 кунгача қолиш имкониятига эга. Агар аёл ёки бола 3 кундан кейин ҳам уйига қайтишни истамаса, ижтимоий ҳимоя марказларида 6 ой давомида қолиб, психологик, тиббий, ҳуқуқий ёрдамлар олиш имкониятига эга. Улар уйга қайтгач, профилактика инспектори томонидан 6 ой давомида зўравонлик қайтарилмаслиги учун қатъий назоратга олинади, – дея маълумот берди Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бош инспектори Назокат Тожиева.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА
- Қўшилди: 24.10.2024
- Кўришлар: 842
- Чоп этиш